“Биз уни ушладик”. Трамп Киркнинг қотили ҳақида баёнот берди
Олам
−
12 Сентябрь 2025 12769 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг ашаддий тарафдори Чарли Кирк қотиллиги бўйича гумонланувчи қўлга олингани ва уни ким ушлашга ёрдам берганини айтди. Бу ҳақда у бугун, 12 сентябрь куни “Fox News” эфирида маълум қилди.
“Жуда катта ишонч билан айтишим мумкинки, биз уни қўлга олдик”, дейди Трамп.
Шунингдек, вазиятдан хабардор бўлган яна тўрт манба эркакнинг ҳибсда экани ва унинг сўроқ қилинаётганини тасдиқлаган.
Оқ уй раҳбарининг сўзларига кўра, гумонланувчини “унга жуда яқин бўлган одам” фош қилган. Трамп, шунингдек, Чарли Кирк қотили ўлим жазосига ҳукм қилинишига умид билдирган.
АҚШ Президенти, шунингдек, ижтимоий тармоқларда Юта водийси университети кампусида Киркка қарата ўқ узилган видеолар тарқатилгач, Киркнинг ўлими акс этган видеоёзувни кўрмаганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ таниқли америкалик консерватив блогер ва Дональд Трампнинг ашаддий тарафдори Чарли Кирк Юта штатида чиқиши вақтида отиб ўлдирилгани ҳақида хабар берилган эди. Трамп шахсан унинг ўлимини эълон қилган ва Кирк вафотидан кейин байроқларни туширишни буюрганди.
Шунингдек, АҚШ Федерал қидирув бюроси гумонланувчининг суратини эълон қилиб, уни тутишга ёрдам берадиган маълумот учун 100 минг доллар мукофот пули эълон қилди.
Чарли Кирк ким эди?
31 ёшли Чарли Кирк АҚШдаги энг машҳур консерватив фаоллардан бири эди. У 2012 йилда, 18 ёшида, бизнесмен Билл Монтгомери билан бирга Turning Point USA ташкилотига асос солди. Бу нодавлат тузилма талабалар орасида эркин бозор, чекланган ҳукумат ва “анъанавий қадриятлар”ни тарғиб қилади. Бугунги кунда Turning Point USA’нинг 850 дан ортиқ университетларда бўлимлари мавжуд.
Кирк мамлакат бўйлаб университетларда очиқ дебатлар ўтказар, подкастлар ва ижтимоий тармоқларда фаол эди. У Трампнинг сайлов кампаниясида ёшларни сафарбар қилишда муҳим роль ўйнаган, айниқса, Аризонада кўп минглаб янги сайловчиларни рўйхатдан ўтказишга кўмаклашган. Бу эса Трампнинг штатдаги ғалабасига ҳисса қўшган. Кирк Трампнинг инаугурациясига таклиф қилинган ва доимий равишда Оқ уй тадбирларида иштирок этган. Трамп уни ёшлар орасидаги машҳурлиги учун муҳим шахс сифатида тилга олган.
Маълумот учун, Киркнинг аёли ва икки фарзанди бор эди.
Live
Барчаси