Трамп тарафдори минглаб талабалар олдида отиб ўлдирилди (видео)
Олам
−
11 Сентябрь 21048 2 дақиқа
Turning Point USA нотижорат ташкилоти раҳбари ва консерватив фаол Чарли Кирк кеча, 10 сентябрь куни омма олдида нутқ сўзлаётган пайтида бўйнидан отиб кетилди. Ҳодиса акс этган видео тезда ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди.
Фаолга Юта штатининг университетидаги чиқиши вақтида суиқасд қилинган. 31 ёшли Кирк бўйнидан яраланиб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилган, аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
“Улуғ ва ҳатто афсонавий Чарли Кирк орамиздан кетди. Ҳеч ким АҚШ ёшларини у каби тушунмаган ва уларга ёрдам бермаган. Уни ҳамма севарди ва ҳурмат қиларди, айниқса мен. Энди у йўқ. Мен ва Мелания унинг рафиқаси Эрика ва оиласига самимий таъзия билдирамиз. Чарли, биз сени яхши кўрамиз”, дея ёзган АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Socilal ижтимоий тармоғида.
Трамп, шунингдек, мамлакат бўйлаб байроқларни 14 сентябрь куни кечгача тушириб қўйишга буйруқ берган.
Юта губернатори Спенсер Кокс жиноятчилар жазосиз қолмаслигини айтган. АҚШ сиёсатчилари, жумладан, Жо Байден ҳам таъзия изҳор қилган.
“Бундай зўравонликка юртимизда жой йўқ. У дарҳол тўхташи керак. Мен ва Жилл Чарли Киркнинг яқинлари учун дуодамиз”, деган собиқ президент Жо Байден.
Чарли Кирк ким эди?
31 ёшли Чарли Кирк АҚШдаги энг машҳур консерватив фаоллардан бири эди. У 2012 йилда, 18 ёшида, бизнесмен Билл Монтгомери билан бирга Turning Point USA ташкилотига асос солди. Бу нодавлат тузилма талабалар орасида эркин бозор, чекланган ҳукумат ва “анъанавий қадриятлар”ни тарғиб қилади. Бугунги кунда Turning Point USAʼнинг 850 дан ортиқ университетларда бўлимлари мавжуд.
Кирк мамлакат бўйлаб университетларда очиқ дебатлар ўтказар, подкастлар ва ижтимоий тармоқларда фаол эди. У Трампнинг сайлов кампаниясида ёшларни сафарбар қилишда муҳим роль ўйнаган, айниқса, Аризонада кўп минглаб янги сайловчиларни рўйхатдан ўтказишга кўмаклашган. Бу эса Трампнинг штатдаги ғалабасига ҳисса қўшган. Кирк Трампнинг инаугурациясига таклиф қилинган ва доимий равишда Оқ уй тадбирларида иштирок этган. Трамп уни ёшлар орасидаги машҳурлиги учун муҳим омил сифатида тилга олган.
Киркнинг хотини ва икки фарзанди бор эди.
Live
Барчаси