Непалда намойишчилар Бош вазир қароргоҳига ўт қўйди. Шарма Оли истеъфога чиқди
Олам
−
09 Сентябрь 2025 3007 1 дақиқа
Непалда намойишчилар Бош вазир Шарма Олининг қароргоҳига ўт қўйди, шундан сўнг у истеъфога чиқди. Бу ҳақда “India Today” хабар берди.
“Himalayan Times”нинг ёзишича, намойишчилар бугун, 9 сентябрь куни Бош вазир Шарма Олининг Балкотдаги шахсий қароргоҳи олдига йиғилиб, кеча, 8 сентябрдаги ўлимлар учун жавобгарликка тортишга чақирган. Митинг пайтида намойишчилар унинг қароргоҳига ўт қўйган.
Полиция оломонни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган, отишма овозлари эшитилган. Ҳукумат аъзолари ҳарбий вертолётларда эвакуация қилинган, уларнинг уйлари ҳам ёқиб юборилган.

Катманду халқаро аэропорти ёпилган, барча рейслар бекор қилинган.
Намойишлар ўтган ҳафтада мамлакатдаги йирик ижтимоий тармоқ платформалари (Facebook, Instagram, WhatsApp, YouTube ва бошқалар) тақиқлангани сабабли авж олди, шундан сўнг тақиқ бекор қилинди. Намойишлар чоғида 19 киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Непал Бош вазири Кхадга Прасад Шарма Оли сентябрь ойи бошида рафиқаси Радҳика Шакя билан бирга Хитойга борган ва ШҲТ саммити ва ҳарбий парадда қатнашган эди.
Live
Барчаси