Юмшоқ кучлар. Хитойга кимлар рафиқаси билан борди?

Бу қизиқ

Жаҳон сиёсатида, дунё бошқарувида юмшоқ кучларнинг ўрни беқиёс. Халқаро тадбирлар, айтайлик, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг саммитларида давлат ва ҳукумат раҳбарларининг рафиқалари билан иштирок этишлари анъана тусига кирган. Аммо бу ҳамма давлатлар раҳбарлари билан ҳам кузатилмайдиган ҳолат. Масалан, Россия Президенти Владимир Путин, Беларусь фуқароси Александр Лукашенко, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон турмуш ўртоғи билан кўриниш бермайди. 

Picture background

Тарихдан маълумки, давлат раҳбарлари сиёсат, иқтисод, халқаро майдондаги ҳодисаларни муҳокама қилаётган бир вақтда, юмшоқ куч саналмиш биринчи хонимлар маданият ва санъат намуналари, икки халқни боғловчи воситалар, таълим, соғлиқни сақлаш, урф-одатларни бир-бирлари билан ўртоқлашадилар. Айни вақтда Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида ўтаётган ШҲТ саммити ҳам бундан мустасно эмас. Бироқ унга саноқли давлат раҳбарларигина рафиқаларини олиб борди. 

Picture background

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси, “Замин” халқаро фонди Васийлик кенгаши раиси Зироатхон Мирзиёевани ҳам ўзи билан Хитойга олиб борди. Ва бу биринчи хоним Мирзиёеванинг илк бор Хитойга бориши эмас. Зироатхон Мирзиёева бундан аввалги ташрифларда ҳам турмуш ўртоғига ҳамроҳлик қилган. 

Picture background

Гўзаллиги билан тилларга тушган Озарбайжон биринчи хоними, мамлакат биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева ҳам айни вақтда турмуш ўртоғи Илҳом Алиевга Хитой сафарида ҳамроҳлик қилмоқда. Одатда қора рангдаги либосларда кўриниш берадиган Алиева бу сафар дўстлик, поклик ва тинчлик рамзи бўлган оқ кўйлакда биринчи хонимлар қаторидан жой олди. 

Туркия биринчи хоними Эмина Эрдўғанни эса давлат ташрифлари ва халқаро саммитларда турмуш ўртоғи– Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг олдида кўрмаслик мумкин эмас. У доим Эрдўғанга ҳамроҳ ва Озарбайжон биринчи хоними Меҳрибон Алиева ҳамда Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева билан ҳам илиқ муносабатларга эга. У Хитойда кўзни қамаштирувчи, тарихий сарой хонимларига хос қизил кўйлаги билан эътибор қозонмоқда. 

undefined

Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух ҳам ШҲТнинг жорий саммитида иштирок этиш учун Хитойга рақифаси Л.Болорцэцэг билан борди. 

Одатда кўра, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, ЕОИИ саммитлари, умуман, Россия бош бўладиган тадбирларга турмуш ўртоғини олиб бормайдиган Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Хитойга турмуш ўртоғи, журналист Анна Акопянни етаклади. Хитойдаги учрашув эса Анна Акопян Туркия биринчи хоними Эмина Эрдўған ва Озарбайжон биринчи хоними Меҳрибон Алиева томонидан эски гиналарни унутган ҳолда, илиқ қаршилангани билан ёдда қолди. 

Picture background

2022 йилдан буён Малайзияни бошқариб келаётган Бош вазир Анвар Иброҳим ҳам саммитга рафиқаси Ван Азиза Ван Исмоил билан келди. Гап шундаки, Ван Азиза нафақат мамлакат Бош вазирининг рафиқаси, балки сиёсатчи, “Миллий адолат” партияси президенти саналади. 

Picture background

Непал Бош вазири Кхадга Прасад Шарма Олининг рафиқаси Радҳика Шакя ҳам турмуш ўртоғига Хитой сафарида ҳамроҳлик қилмоқда. Радҳика Шакя ҳақида маълумотлар жуда кам. Интернет нашрлар у охирги бор 2025 йилнинг август ойида турмуш ўртоғининг Туркманистонга ташрифида ҳамроҳлик қилганини ёзган. 

2018 йилдан буён Миср Бош вазири лавозимини эгаллаб келаётган Мустафо Мадбулининг рафиқаси Имон Салоҳ Ҳасабаллоҳ ҳам жамоат ишларида фаол. У Хитой сафарида ҳам турмуш ўртоғини ёлғиз қолдирмаяпти. 

Барча давлатлар раҳбарларининг рафиқаларига Хитой биринчи хоними, қўшиқчи ва актриса, 63 яшар Пэн Лиюань мезбонлик қилди. 

Одатда халқаро ташрифларга турмуш ўртоғи билан борадиган Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам бу сафар рақифаси Ойгул Жапаровани Хитойга олиб келмади. Тўқаев ва Бердимуҳамедов эса ҳеч қачон рафиқаларини халқаро сафарларга олиб бормайди, бу гал ҳам анъана бузилмади. 

Хитойга борган биринчи хонимлар қандай маданий тадбирларда иштирок этаётгани, улар ўртасида расмий ва норасмий учрашувлар ўтказилган ё йўқлиги ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Фақат улар ШҲТ давлат ва ҳукумат раҳбарлари ташрифи муносабати билан ташкил этилган тантанали қабул маросимида иштирок этиб, бир дастурхон атрофидан ўрин олдилар, холос. 

Қолаверса, Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева, Туркия биринчи хоними Эмина Эрдўған ва Озарбайжон биринчи хоними Меҳрибон Алиева ўртасида ҳам анъанага айланган самимий учрашувлар ҳали ўтказилмаган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг