ЕИ Россияга ёрдам берганларга иккиламчи санкция жорий қилмоқчи

Олам

image

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 19-пакети доирасида ушбу мамлакатнинг ҳамкорларига нисбатан иккиламчи санкциялар киритиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ЕИ Ташқи ишлар вазирлари шу ҳафта охирида Даниянинг Копенгаген шаҳрида бўлиб ўтадиган норасмий йиғилишда турли вариантларни муҳокама қилади. Хусусан, вазирлар санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашаётган учинчи давлатларга айрим маҳсулотлар экспортини тақиқлаш, Россиянинг нефть-газ ва молия секторларига қарши янги чоралар, шунингдек, Россия маҳсулотлари импорти ва экспортига қўшимча чекловларни кўриб чиқади.

Бунгача эса Италиянинг “Il Fatto” нашри Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар жорий этиш имкониятларини деярли тугатгани, яқинлашиб келаётган пакет доирасида чеклаш мумкин бўлган нишонлар жуда оз қолганини ёзган.

“Самарали чоралар сифатида қаралаётган иккиламчи санкциялар амалда АҚШ қўлида, чунки Вашингтон Хитой ва Ҳиндистонга қарши иккиламчи чекловлар орқали Москва устидан босим ўтказиш механизмларига эга”, дейилади хабарда.

Қайд этиш жоиз, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен жорий йилнинг август ойи ўрталарида эълон қилган Россияга қарши 19-санкциялар пакети сентябрь бошида қабул қилинади. Москва эса Ғарб санкцияларини қайта-қайта ноқонуний деб атамоқда.

“Politico” маълумотига кўра, бу пакетда энергия ресурслари савдосига янги чекловлар киритилмайди, бироқ у, жумладан, Евроиттифоқ Россиянинг санкцияларни четлаб ўтиб нефть ташишда фойдаланаётган деб ҳисоблайдиган “соя флоти” кемаларини нишонга олади. “Bloomberg”нинг ёзишича, 19-пакет доирасида Брюссель “украиналик болаларни ўғирлаш”да айблаётган шахсларни ҳам “қора рўйхат”га киритиш кўзда тутилмоқда.

Россия ҳукумати эса украиналик болаларни ўғирлаш ҳақидаги айбловларни рад этиб келмоқда. Президент Владимир Путиннинг сўзларига кўра, улар жанговар ҳудудлардан олиб чиқилиб, асраб қолинган, агар қариндошлари топилса, болаларни улардан айириб қўйишмоқчи эмас.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия Россияга қарши санкциялар доирасида “қора рўйхат”га яна уч жисмоний шахс ва бешта ташкилотни қўшгани хабар қилинганди. Улар орасида Россия ва Қирғизистонда рўйхатдан ўтган Grinex криптобиржаси, Қирғизистоннинг “Kapital Bank”и, Бишкекдаги “TengriCoin” ва “Old Vektor” компаниялари киритилган.  Шунингдек, А7А5 раҳбари Леонид Шумаков, Қирғизистон Адлия вазирлиги маълумотига кўра, OAO “Торговая компания КР” раҳбари бўлган Жанишбек ўғли Назарбек, шунингдек, “Kapital Bank” бошқаруви раиси Кантемир Чалбаев санкция остига тушган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Европа Иттифоқи санкция иккиламчи санкция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг