Татаристон раҳбари рус тилини билмайдиган мигрант болаларнинг ўқитилмаслигига қарши чиқди

Олам

image

Татаристон Республикаси Раиси Рустам Миннихонов ҳукуматнинг рус тилини билмайдиган мигрант болаларнинг мактабларда ўқишини тақиқловчи қонунини кескин танқид қилиб, буни “ғирт бемаънилик” дея таърифлади. Бу ҳақда “Медуза” хабар берди.

Нашрга кўра, Татаристон раҳбари Россия ҳукуматининг бу қарорини қоралаб, болаларнинг рус тилини билмаслиги уларнинг айби эмаслигини, шунингдек, уларга бунинг ўрнига тилни ўргатиш кераклигини эслатиб қўйган. 

“Ишлаш керак, тизимли ишлаш керак. Болани қандай қилиб мактабга киритмаслик мумкин? Унинг жойи мактаб эмасми? Тилни билмаслиги унинг айби эмас-ку, ахир. Ўрганади. Ҳар қандай бола 3-4 ой ичида тилни ўрганади. Буни ҳеч қандай ёмон жойи йўқ. Бу қарор – ғирт бемаънилик. Болага эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш керак. Бу бола ахир, унинг умуман айби йўқ”, деган Минниханов. 

Қайд этилишича, Миннихоновнинг сўзларига кўра, ҳозир Татаристонда 3 мингдан ортиқ чет эллик болалар ҳамда 22 мингдан ортиқ мигрант талабалар таҳсил олмоқда. 

“Мигрантларсиз иложи йўқ. Улар бизнинг меҳнат ресурсларимиз. Уларни қаердан оламиз? Уларнинг кўпчилиги қонунларга риоя қилувчи меҳнаткаш фуқаролар. Бу масала бўйича тизимли ишлаш керак”, деган Татаристон раҳбари таълим ва фан соҳаси ходимлари йиғилишида. 

Бундан ташқари, Миннахонов чет эллик болалар учун рус тилини ўрганиш курсларини ташкил қилиш топшириғини берган. 

Маълумот учун, Россияда 2025 йил 1 апрелдан бошлаб чет эллик болаларни мактабларга қабул қилишда рус тилини билишини синовдан ўтказиш қонуни кучга кирган. Бу қонун мигрант болалар мактабга киришдан олдин рус тилини билиш қобилиятини тасдиқловчи тестдан муваффақиятли ўтишини талаб қилмоқда.

Россия Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва санитария-эпидемиологик назорат хизматининг май ойидаги ҳисоботига кўра, маъмурият тест учун мигрантлар томонидан топширилган аризаларнинг 81 фоизини рад этган, чунки чет эл фуқаролари ҳужжатларини тўлиқ ҳолда тақдим этолмаган, нотўғри маълумот берган ёки мактабларда жой қолмаган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат думасининг спикери Вячеслав Володин хорижий фуқаролар болаларининг ўқишга қабул қилиниши сезиларли даражада қисқарганини маълум қилган эди.

Нодир Шукуров


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия Татаристон Рустам Миннихонов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг