Канада АҚШга қўйилган айрим божларни бекор қиляпти

Олам

image

Канада Бош вазири Марк Карни мамлакат АҚШ маҳсулотларига қўйган айрим божларни бекор қилишини эълон қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълумотларга кўра, 25 фоизлик божхона тўловлари АҚШдан импорт қилинадиган пўлат, алюминий ва автомобилларга нисбатан амалда қолади. Бироқ бошқа маҳсулотларни 1 сентябрдан бошлаб божхона тўловисиз Канадага олиб кириш мумкин бўлади. Карни, шунингдек, икки томон савдо, инвестиция ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича музокараларни давом эттиришини таъкидлаган.

Бош вазир ушбу қарорни АҚШ Президенти Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилганидан бир кун ўтиб маълум қилди. “Bloomberg” Оқ уй вакилига таяниб ёзишича, АҚШ маъмурияти Канаданинг бу қарорини ижобий кутиб олган ва томонлар ҳамкорликни давом эттиришига умид билдирган.

Маълумот учун, Канада февраль ойида АҚШ маҳсулотларига бож жорий қилганди. Бу қарор Вашингтоннинг Канада маҳсулотларига – энергетика маҳсулотларига 10 фоиз ва бошқа товарларга 25 фоиз бож белгилаганига жавобан қилинган эди. АҚШ эса буни Канаданинг “фентанил оқимини жиловлаш бўйича ҳамкорликдан бош тортгани” билан изоҳлаган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг 1 август кунидан Канададан олиб кириладиган барча маҳсулотларга 35 фоиз бож солиғи жорий этилишини эълон қилганди. Трамп ушбу қарор Канадани АҚШ билан ҳамкорлик қилмагани ва ўз ставкаларини эълон қилгани учун жорий этилганини билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Канада Марк Карни

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг