Жапаров Трамп ва Стармердан иқтисодиётни сиёсийлаштирмасликни сўради

Олам

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров АҚШ ва Буюк Британия томонидан Қирғизистоннинг давлат банкларига қарши киритилган санкцияларни изоҳлаб, уларни мамлакат иқтисодий ўсиши билан боғлади. Бу ҳақда у “Kabar” нашрига берган интервьюсида сўз очди.

Буюк Британия Қирғизистоннинг “Kapital Bank”ига қарши санкция жорий қилган бўлиб, бунга сабаб сифатида ушбу банк Ғарбнинг Россияга жорий қилган санкцияларини айланиб ўтишда ёрдам бериши мумкинлиги кўрсатилган. Жорий йилнинг январь ойида эса АҚШ Қирғизистоннинг “Keremet Bank”ига нисбатан худди шундай чоралар кўрган.

Жапаровнинг айтишича, АҚШ ҳам, Британия ҳам бу банкларнинг санкцияларни бузганига оид ҳеч қандай далил келтира олмаган, чунки бундай фактлар йўқ. Унга кўра, Қирғизистонда 21 та банк фаолият юритади ва санкция хавфини камайтириш учун фақат давлатга қарашли “Keremet Bank”га рубль билан ишлаш ҳуқуқи берилган. Барча операциялар давлат назоратидан ўтади ва фойда тўлиқ бюджетга йўналтирилади. “Kapital Bank” ҳам соф даромадини тўлиқ давлат хазинасига ўтказади.

Жапаровнинг фикрича, бу санкциялар ортида “ички душманлар” ва айрим ННТларнинг нотўғри маълумотлари бор.

“Россияда биздан қарийб бир миллион мигрант бор, улар ҳар куни бу ерга миллиардлаб рубль юборади. Бу маблағларни конвертация қилиш ва одамлар улардан фойдаланиш имконига эга бўлиши керак”, дейди Қирғизистон Президенти.

У, шунингдек, Қирғизистон иқтисодиёти тез суръатларда ўсаётгани ғарб учун ёқмаётганини айтган. Масалан, мамлакат ЯИМ 11,7 фоизга ошган ва бу кўрсаткич МДҲ давлатлари орасида етакчи ҳисобланади.

“Ўйлайманки, айнан шу сабабдан бизга босим ўтказилмоқда. Катта давлатлар бошқа мамлакатларнинг тез ривожланишини истамайди. Улар ҳамманинг ўзларига қараб, уларга қарам бўлиб туришини афзал кўради”, дейди Жапаров.

Президентнинг сўзларига кўра, Қирғизистон Англияга йилига бир миллиард долларлик олтин экспорт қилади. Шу сабабли, Жапаров АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Буюк Британия Бош вазири Кир Стармерга мурожаат қилиб, иқтисодиётни сиёсатлаштирмасликни, агар шубҳалар бўлса, далилларни очиқ тақдим этишни сўраган.

“Иқтисодиётни сиёсатлаштириш керак эмас. Биз кўп йўналишли сиёсат юритамиз, иқтисодий соҳада сиз билан ҳам ҳамкорлик қиламиз. Масалан, фақат Англияга биз ҳар йили бир миллиард долларлик олтин сотамиз. Бундай ҳолда бизга нисбатан бундай муносабатни адолатли деб бўлмайди. Шунинг учун агар ишонмасангиз, ўз маълумотларингизни тақдим этинг. Банк барча маълумотларни очиқ тақдим этишга тайёр”, дейди Жапаров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия Россияга қарши санкциялар доирасида “қора рўйхатга” яна уч жисмоний шахс ва бешта ташкилотни қўшгани хабар қилинганди. Рўйхатга Россия ва Қирғизистонда рўйхатдан ўтган Grinex криптобиржаси, Қирғизистоннинг “Kapital Bank”и, Бишкекдаги “TengriCoin” ва “Old Vektor” компаниялари киритилган. Жисмоний шахслар орасида А7А5 раҳбари Леонид Шумаков, Қирғизистон Адлия вазирлиги маълумотига кўра, OAO “Торговая компания КР” раҳбари бўлган Жанишбек ўғли Назарбек, шунингдек, “Kapital Bank” бошқаруви раиси Кантемир Чалбаев бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Қирғизистон Садир Жапаров Кир Стармер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг