Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш талаблари белгиланди
Жамият
−
07 Август 2025 5482 1 дақиқа
Энди Ўзбекистон ҳудудида жисмоний ёки юридик шахслар томонидан сақланадиган ва (ёки) кўпайтириладиган ҳайвонлар белгиланган тартибда идентификация қилиниши ҳамда рўйхатга олиниши керак. Бу кеча, 6 август куни қабул қилинган “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонунда белгиланган.
Қонунга кўра, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси мазкур соҳада ваколатли давлат орган ҳисобланади.
Қонунда ҳайвонларни идентификация қилиш ва рўйхатга олишнинг қуйидаги муддатлари белгиланган:
- қорамол, кўй, эчки ва туялар – туғилганидан 14 кундан кейин;
- отлар – туғилганидан 4 ойдан кейин;
- чўчқалар туғилганидан – 1 ойдан кейин;
- итлар ва мушуклар – туғилганидан 3 ойдан кейин.
Бунда ҳайвонлар кўрсатилган муддатлар тугаганидан кейин 1 ойдан кечиктирмай идентификация қилиниши ва рўйхатга олиниши керак.
Сақлаш ва (ёки) кўпайтириш мақсадида Ўзбекистонга олиб кириладиган ҳайвонлар олиб кирилган санадан эътиборан 21 кундан кечиктирмай идентификация қилиниши лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мўғулистондан Ўзбекистонга 100 минг бош майда шохли моллар олиб келиниши ва маҳаллий шароитда наслчилик-селекция ишлари ёрдамида кўпайтириш орқали уларнинг сони 2029 йил якунига қадар 1 млн бошга етказилиши хабар қилинганди.
Live
Барчаси