Исроил ёрдам кутаётган ғазоликларни ўққа тутди. 51 киши ҳалок бўлди
Олам
−
31 Июль 2025 3625 2 дақиқа
Исроил армияси Ғазо секторида навбатдаги қирғинни амалга оширди. Кеча, 30 июль куни сектор шимолидаги Судания ҳудудида гуманитар ёрдам кутаётган фаластинликлар ҳужумга учради. Сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 51 кишига етган, 648 киши жароҳатланган. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса уч соат давомида, маҳаллий аҳоли Зиким ҳудудидан келаётган юк машиналаридан ун ва гуманитар ёрдам олиш учун Судания томон йўл олган пайтда содир бўлган. Конвой атайлаб ўққа тутилган.
“Ушбу қирғин Исроилнинг очликдан уруш қуроли сифатида қандай фойдаланаётганини, озиқ-овқат излаётган тинч аҳолини совуққонлик билан нишонга олишини ҳамда халқаро ва гуманитар ҳуқуқнинг барча нормаларини қўпол равишда бузаётганини яна бир бор кўрсатди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ўша куни Ғазога бор-йўғи 112 та гуманитар юк машинаси рухсат этилгани, уларнинг кўп қисми Исроил томони атайлаб яратган тартибсизлик шароитида талон-тарож қилингани хабар қилинган. Ғазо маъмурияти эксклав ҳаётининг муҳим соҳаларининг асосий эҳтиёжларини қондириш учун кунига камида 600 юк машинаси гуманитар ёрдам ва ёқилғига эҳтиёж борлигини яна бир бор таъкидлади. “Бўғувчи ва қонли блокада” шароитида бундай таъминот ҳажмига эришиш мумкин эмас.
Ғазо фуқаролик мудофааси вакили Маҳмуд Басал 29 июль куни Зиким ҳудудидаги ўққа тутилиши оқибатида 40 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани, маҳаллий шифохоналар ярадорлар билан тўлиб кетгани ҳақида хабар берган эди.