Бу ёзда бир неча кун қисқароқ бўлади. Бунинг сабаби нима?
Бу қизиқ
−
14 Июль 14219 4 дақиқа
Бу ёзда бир неча кун давомида Ер одатдагидан тезроқ айланади. Бу ҳақда Халқаро Ер айланиши ва координат тизимлари хизматига таяниб, “The Washington Post” хабар берди.
22 июль куни Ер бир кундаги одатий 86 400 сониядан тахминан 1,38 миллисонияга тезроқ айланади. 5 август куни эса Ер 1,51 миллисонияга тезроқ айланади.
Одамлар аллақачон 9 июль куни қисқароқ кунни бошдан кечирди – лекин эҳтимол, буни сезмади, чунки фарқ бор-йўғи 1,3 миллисония эди. Атом соати жорий этилганидан бери энг қисқа кун 2024 йил 5 июль куни бўлган — ўшанда кун 1,66 миллисонияга қисқарган.
“Биз 1 миллисония ҳақида гапиряпмиз — буни инсон ҳис этмайди”, дейди Калифорния университетининг Сан-Диегода жойлашган Скриппс океаншунослик институти геофизиги Дункан Эгню.
Аммо бу ўзгаришлар сезилмаса-да, олимлар уларни кузатиб боради, чунки технологиялар, жумладан, GPS тизимлари аниқ ишлаши айнан шунга боғлиқ.
“Қисқароқ кунлар вақт-вақти билан рўй беради. Улар асосан ёзда содир бўлади, чунки бу пайтда Ер бошқа фаслларга нисбатан тезроқ айланади. Бундан ташқари, бунга Ой ва эҳтимол, Ер ядросидаги номаълум жараёнлар ҳам қўшимча таъсир кўрсатади”, дейди Эгню.
Ёз фаслида шимолий ярим шар қуёшга қараб оғган бўлади – бу экватор билан қутблар орасидаги ҳарорат фарқини камайтиради. Бу ҳароратдаги камайиш юқорида 9-10 км баландликдаги кучли шамоллар – реактив оқимни секинлаштиради ва уни шимолга қараб силжитади. Шунинг учун ҳам ёзда шимолий ярим шардаги бўронлар секин ҳаракат қилади.
Физика дарсидан баъзи нарсаларни ёдга олсак, Ер ва атмосфера тизимида бурчакли импульс сақланади. Агар атмосфера секинлашса, Ер тезроқ айланади.
Лекин айрим кунлар янада қисқароқ бўлади – бу Ойнинг таъсири туфайли. Эгнюнинг айтишича, Ой Ер экваторига тўлиқ мос келмайди, нишаб бўйлаб айланади. У ҳар ойда икки марта экватор бўйлаб ҳаракат қилади, шунингдек, ойига икки марта юқори ва пастки кенгликларда тепадан ўтади. Ой ҳар 18,6 йилда ўзининг энг экстремал шимолий ва жанубий позицияларига етиб боради – бу ойнинг тўхташи деб аталади – бу 2024 ва 2025 йилларда содир бўлади.
22 июль ва 5 августда Ой Ерга энг юқори бурчагига, яъни 28 даражага яқин бўлади. Тик бурчак Ернинг тезроқ айланишига олиб келади.
“Ой шимол ёки жанубда бўлганида, ойига икки марта Ер тезроқ айланади”, дейди Эгню.
Бу маълумот, масалан, GPS операторлари учун жуда муҳим. GPS тизими сунъий йўлдошлардан юборилан сигнал Ердаги қабул қилгичга етиб бориш вақти орқали аниқ жойни ҳисоблаб чиқади. Агар Ер тезроқ айланса ва GPS буни ҳисобга олмаса, у ҳолда сигнал нуқтага тезроқ етиб бориб, хатолик юзага келиши мумкин.
Ернинг айланиш тезлиги тарих давомида турлича бўлган. Ер янги шаклланаётган даврда Ой унга яқин бўлган ва кунлар анча қисқа бўлган. Бир миллиард йил давомида кунлар фақат 19 соат бўлган. Вақт ўтиши билан Ой Ердан узоқлашгани учун кунлар узайган.
“Ердаги тахминан бир триллион кундан фақат 100 000 тасигина ҳозирги кунларга нисбатан узун бўлган. Энг узун кунлар эса айнан сўнгги даврларга тўғри келади”, дейди Эгню.
Бошқа жараёнлар, масалан, муз қатламларининг эриши ҳам Ер айланишини секинлаштириши мумкин. Муз сувлари экваторга томон ҳаракат қилмоқда – бу Ерни оғирроқ қилиб, уни секинлаштиради.
Шу билан бирга, Ер тарихан қараганда ҳозир аста ҳаракатланаётган бўлса-да, сўнгги ўн йилликларда унинг айланиши сирли тарзда тезлашмоқда. Эгню бу ортиқча тезлик Ер ядросидаги жараёнлар билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтди. Аммо буни исботлаш қийин, чунки ядро бўйича маълумотлар чекланган. Шу сабабдан, Ер яна тезлашадими ёки секинлашадими – буни олдиндан аниқ айтиш мушкул.
Live
Барчаси