Трампдан Украинага ҳарбий ёрдамнинг тўхтатилишини тушунтириш талаб қилинди
Олам
−
03 Июль 8081 1 дақиқа
АҚШ Конгрессида Президент Дональд Трампдан Украинага ҳарбий ёрдамнинг тўхтатилиши бўйича зудлик билан тушунтириш бериш талаб қилинди. Бу масалада Республикачи конгрессмен Брайан Фицпатрик АҚШ Президенти номига расмий хат юборди ва буни Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
“Мен Оқ уй ва Мудофаа департаментидан шошилинч брифинг ўтказишни расман сўрадим. Бу орқали мавжуд хабарлар аниқлаштирилади, АҚШнинг ҳозирги қурол ва ўқ-дорилар захираси таҳлил қилинади ҳамда мамлакатимиз Украинани қўллаб-қувватлашга содиқлигини сақлаб қолаётгани тасдиқланади”, деб ёзди у.
Фицпатрик Украинага қурол етказиб беришнинг вақтинча тўхтатилишидан жиддий хавотир билдирган. Унга кўра, бу қарор уруш бошланганидан бери Россиянинг энг йирик ҳаво ҳужумлари фонида қабул қилинган.
“Украина ҳарбийлари нафақат ўз юртини ҳимоя қилмоқда, балки озодликни олдинги чизиқда ушлаб турибди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Украинага муҳим қуроллар етказилишини вақтинча тўхтатгани хабар қилинганди. Бу қарор Пентагон сиёсий бошқармаси раҳбари Элбридж Колби томонидан қабул қилинган. Омборлар текшируви натижасида артиллерия снарядлари, зенит ракеталари ва юқори аниқликли қуроллар захираларининг хавотирли даражада камайгани аниқланган.
Live
Барчаси