Исроил Ғазо шимолида янги ҳужумга тайёрланмоқда

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 29 июнь куни Исроил ва ҲАМАСни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.

Анклавдаги жанглар 20 ойдан бери давом этмоқда. Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокаралар 12 кунлик Эрон-Исроил уруши сулҳ билан якунланганидан сўнг фаол босқичга кирди.

“Associated Press” хабарига кўра, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху яқин ҳафталарда Вашингтонга ташриф буюриши режалаштирилган. Стратегик режалаштириш вазири Рон Дермер ҳам яқин кунларда у ерга келиб, оташкесим масаласини муҳокама қилади.

Трампнинг сулҳ тузишга чақиришидан сал аввал Исроил Ғазо секторига зарба берди. Фаластин тиббиёт муассасалари маълумотларига кўра, камида 60 киши ҳалок бўлган. Отишма 27 июнь куни кечқурун бошланди ва 28 июнь куни эрталабгача давом этди: Ғазо шаҳридаги Фаластин стадиони яқинида 12 киши, тураржой квартираларида 8 киши ҳалок бўлди. 20 дан ортиқ жасад Носир шифохонасига етказилган. 28 июнь куни Ғазо шаҳри шарқидаги ҳужумда 11 киши ҳалок бўлди

“Ғазода келишув тузинг. Гаровга олинганларни қайтаринг!!!” дея ёзди Трамп ижтимоий тармоқда. 

У аввалроқ бир ҳафта ичида келишувга эришиш мумкинлигини айтган эди.

ҲАМАС вакили Маҳмуд Мердавий Нетаньяхуни музокараларни тўхтатиб қўйганликда айблади, чунки у фақат 10 нафар гаровга олинганни озод қилиш эвазига вақтинчалик сулҳ тузишни талаб қилган. ҲАМАС эса Исроилнинг Ғазодан тўлиқ чиқиб кетиши шарти билан барча гаровдагиларни қайтаришга тайёр. Исроил бу таклифни рад этиб, таслим бўлишни, қуролсизланишни ва гуруҳни чиқариб юборишни талаб қилмоқда.

Нетаньяху Мудофаа вазири Исроил Кац ва Бош штаб бошлиғи генерал-лейтенант Эял Замир билан учрашув ўтказиб, Ғазодаги ҳужумни кенгайтириш бўйича кейинги қадамларни белгилайди. Исроил оммавий ахборот воситалари режалаштирилган операция “барча олдингиларидан фарқ қилишини” таъкидлади.

ЦАХАЛ Ғазо шимолидан фаластинликларни оммавий эвакуация қилишни буюрди. Қуйидаги ҳудуддагилар бўлиб турган жойини тарк этиши керак:

  • Ғазо шаҳрининг шарқий ва шимолий қисмларида жойлашган маҳаллалар
  • Жабалия қочқинлар лагери

ЦАХАЛ матбуот котиби Авичай Эдрайнинг айтишича, аҳоли жанубга, Ал-Маваси ҳудудига кўчиб ўтиши керак. Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари бундай ҳаракатни мажбурий кўчирилиш билан тенг деб ҳисоблайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо ЦАХАЛ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг