Маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди
Жамият
−
27 Июнь 2748 3 дақиқа
Ўзбекистонда фуқароларнинг маҳаллий бошқарувда кенг иштирок этишига оид демократлаштириш жараёнлари мустаҳкамланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг жорий йилнинг 23 июнь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Фармонда жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш, фуқароларнинг маҳаллий бошқарувда кенг иштирок этишига оид демократлаштириш жараёнларини мустаҳкамлаш, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида номарказлаштириш, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари халқаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш каби мақсадлар кўзда тутилган.
Шунингдек, фармон билан Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси ҳамда ушбу концепцияни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ташаббускорлигини яна-да ошириш мақсадида бир қатор ваколатларни маҳаллий Кенгашларга ўтказиш бўйича таклифлар маъқулланди.
Ушбу ҳужжат билан бюджет лойиҳасини ишлаб чиқишда маҳаллий бюджет харажатларининг муайян қисмини маҳаллий Кенгаш депутатларининг бевосита ташаббуси асосида шакллантириш амалиётини йўлга қўйиш, маҳаллий Кенгашлар қошида Ёшлар ҳамда Маслаҳат гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш, маҳаллий Кенгаш Раёсати, Кенгаш раиси ўринбосари институтларини жорий этиш белгиланди.
Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси доирасида ҳоким ўринбосарлигига номзодларни маҳаллий Кенгаш доимий комиссияларида дастлабки тарзда муҳокама қилиш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг айрим муҳим ижтимоий масалалар юзасидан ахборотларини эшитиш бўйича “Кенгаш соати” институтини жорий этиш, фуқароларнинг маҳаллий Кенгаш сессияси ишини бевосита кузатиши бўйича тизимни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.
Концепция доирасида маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолияти самарадорлигини оширишга, ҳудуд манфаатларига оид ҳамда аҳоли томонидан кўтарилаётган муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича имкониятларни кенгайтиришга, қарорлар қабул қилишда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга оид қатор чоралар белгиланмоқда.
Бундан ташқари, “қулайлик” – “соддалик” – “хавфсизлик” тамойили асосида маҳаллий Кенгашлар фаолиятини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини босқичма-босқич татбиқ этиш каби чораларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Концепцияни амалга ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси мувофиқлаштирилади, шу билан бирга белгиланган мақсадларга эришишда маҳаллий вакиллик органларига ҳар томонлама кўмаклашиб борилади.
Live
Барчаси