Марказий Осиёнинг энг қиммат футболчиси ким?
Спорт
−
25 Июнь 44709 2 дақиқа
Олмаотанинг “Қайрат” ва Қозоғистон ёшлар терма жамоасининг 16 ёшли ҳужумчиси Достон Сатпаев Марказий Осиёда трансфер қиймати юқорилиги бўйича янги етакчига айланди. Бу ҳақда “Transfermarkt”нинг сўнгги маълумотларида келтирилган.
Қайд этилишича, унинг нархи 500 мингдан 1,8 миллион еврогача кўтарилган.
Бу нафақат Қозоғистон, балки Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистонни ўз ичига олган бутун Марказий Осиё футбол минтақаси учун рекорддир.
Ёш форвард рейтингнинг аввалги етакчилари – Тожикистон терма жамоаси дарвозабони Рустам Ятимов (“Ростов”) ва ўзбекистонлик Абдувоҳид Неъматов (“Насаф”)ни ортда қолдирди, уларнинг нархи 1,5 миллион евро.
Уларнинг ёнида “Насаф”нинг яна бир вакили – ярим ҳимоячи Акмал Мозговой ҳам бор, унинг нархи ҳам яқинда 1,5 миллион еврога ошган. Қайд этилишича, ушбу футболчиларнинг ОФК кубоги ва Ўзбекистон терма жамоасидаги барқарор ўйинлари ҳисобга олинса, уларнинг қиймати янада ошиши мумкин.
Тожикистон чемпионатида нархи 500 минг еврогача арзонлашганига қарамай, энг қиммат футболчи Душанбенинг “Истиқлол” клубидан Алишер Жалилов бўлиб қолмоқда. У мамлакат чемпиони ва терма жамоанинг асосий фигураси бўлиб қолмоқда.
Қирғизистонда энг қиммат футболчи “Абдиш-Ата” ҳимоячиси Християн Браузман бўлиб, унинг нархи 450 минг еврога баҳоланган. У 400 мингдан юқори рейтинг билан “Transfermarkt” рўйхатига киритилган Қирғизистон чемпионатининг ягона вакили.
Туркманистонда биринчи ўринни ҳар бири 200 минг еврога баҳоланган учта футболчи бўлишиб турибди: Салим Нурмуродов (“Олтин Асир”), шунингдек, чемпион “Ардаг”дан Мекан Сапаров ва Олтимурод Аннадурдиев.
Эътиборлиси, “Тобол”да тўп сураётган қозоғистонлик ҳужумчи Ислом Чесноковнинг ҳам нархи – 900 минг евродан 1 миллион еврога кўтарилган. Аммо маҳаллий мухлисларнинг фикрича, бу унинг ўйин савияси учун ҳали етарли эмас.
Шу тариқа, Достон Сатпаев нафақат Марказий Осиёнинг энг қиммат футболчилари рейтингида биринчи ўринни эгаллади – у минтақада футбол даражаси ошиб бораётганининг рамзи ва 16 ёшли иқтидор юлдузлардан ўзиб кетишининг ёрқин намунасига айланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олмаотанинг “Қайрат” ва Лондоннинг “Челси” клублари 16 ёшли ҳужумчи Достон Сатпаевнинг трансфери борасида келишувга эришганди. 2026 йилнинг ёзида, балоғат ёшига этганидан сўнг, у расман инглиз клубига ўтади. Унгача Сатпаев “Қайрат” сафида ўйнашда давом этади.
Live
Барчаси