Эрон АҚШнинг ядровий объектларга берган зарбасига қандай жавоб қайтариши мумкин?
Олам
−
23 Июнь 6921 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Эроннинг ядровий объектларига зарба бериш қарори Яқин Шарқни беқарор ҳолатга келтирди ва ҳозир Теҳроннинг кейинги қадамини кутмоқда.
Истанбулда сўзга чиққан Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи 22 июнь куни мамлакатининг “бир неча хил имкониятлари” борлигини айтди. АҚШ ҳарбий базаларига зарба беришдан тортиб, халқаро денгиз йўлини ёпишгача – Эрон турли сценарийларни муҳокама қилмоқда. Уларнинг ҳар бири Эрон, Исроил ва АҚШ учун жиддий хавфни англатади.
Эрон АҚШ манфаатларига зарба бериши мумкин
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ироқ, Яман ва Суриядаги прокси кучларини қайта фаоллаштириши мумкин. Улар аввал ҳам АҚШ манфаатларига ҳужум қилган.
Бир вақтлар Эроннинг энг яқин минтақавий иттифоқчиси бўлган Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Исроил ҳужумлари туфайли анча заифлашган.
Халқаро муносабатлар бўйича Кенгаш маълумотларига кўра, АҚШ минтақада 19 та ҳарбий нуқтага эга бўлиб, уларнинг 8 тасида доимий база мавжуд. 2025 йил 13 июнь ҳолатига кўра, минтақада 40 мингга яқин АҚШ ҳарбийлари бор.
2020 йилда Эрон АҚШ гарнизонига ракета билан ҳужум қилган ва оқибатда 100 дан ортиқ аскар жароҳатланган.
Ҳусийлар ҳам АҚШ кемаларига ҳужум қилиш билан таҳдид қилган. 22 июнь куни ҳусийлар етакчиларидан бири: “Трамп бу ҳужумнинг оқибати учун жавобгар”, деб айтди.
Эрон глобал нефть савдосини издан чиқариши мумкин
Эрон Хурмуз бўғозини ёпиш орқали жаҳон нефть бозорига таъсир ўтказиши мумкин. Бу бўғоз орқали ҳар куни тахминан 20 миллион баррель нефть ўтади. Мутахассислар фикрича, Эрон бу йўл билан АҚШ иқтисодий сиёсатини издан чиқариши мумкин.
Эрон ядровий бомба яратишни тезлаштириши мумкин
Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, ҳозирги режим ағдарилса ҳам, янги раҳбарият ядровий қуролни ишлаб чиқаришга киришади.
Вашингтондаги Квинси институти вице-президенти Трита Парси: “Трамп Эроннинг 5-10 йил ичида ядровий давлатга айланишини кафолатлаганини” айтди.
Эрон эҳтимол Ядровий қурол тарқатмаслик шартномасидан ҳам чиқиши мумкин.
Эрон айни дамда Исроилга ҳужум қилишда давом этиши мумкин
АҚШ ҳужумидан сўнг Эрон биринчи навбатда Исроилга ракета билан зарба берди. Тель-Авивда 86 киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган.
Эрон АҚШ билан тўлиқ уруш олиб бора олмаслигини англаб, шунчаки Исроилга қарши ҳаракатда давом этиши мумкин.
2020 йилда Қосим Сулаймоний ўлдирилганида ҳам Эрон “қонли бўлмаган” жавоб берган – ракета ҳужумларида одам ўлмаган, лекин аскарлар жароҳат олган.
Эрон киберхужумлар ёки террорчиликдан фойдаланиши мумкин
Эрон оз куч билан катта таъсир кўрсатувчи “асимметрик” ҳужумларга – киберҳужум ва террорга мурожаат қилиши мумкин. Бу Исроил ҳужумлари ортидан Эрон ракета захираларининг камайиши билан боғлиқ.
Ҳали ҳам Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг минтақадаги ва бутун дунё бўйлаб таъсир кучи сақланиб қолган.
Эрон ядровий музокараларга қайта киришдан бош тортмоқда
Эрон Исроилнинг ҳужумлари давом этаётган бир вақтда музокарага қайтмаслигини маълум қилган. Хусусан, Ароқчи “АҚШ ядровий объектларга зарба бериш орқали дипломатияни портлатгани”ни айтди.
Европа ва Эрон дипломатлари Женевада музокара ўтказган, аммо сўнгги ҳодисалар фонида бу музокаралар ҳам йўққа чиқиши мумкин.
Live
Барчаси