АҚШ Беларусда 14 нафар сиёсий маҳбусни озод қилди (видео)

Олам

image

Беларуслик мухолифат фаоли, президентликка собиқ номзод Светлана Тихановскаянинг турмуш ўртоғи Сергей Тихановский озодликка чиқарилди. Бу ҳақда “Наша Нива” хабар берди.

Маълумотларга кўра, унинг озод этилишига АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Кит Келлоггнинг Беларусга қилган сафари сабаб бўлган. Келлогг ушбу ташрифи давомида Беларусь фуқароси Александр Лукашенко билан учрашган.

Тихановская ушбу хушхабарни ижтимоий тармоқ орқали тасдиқлаган ва Трамп, Келлогг, унинг ёрдамчиси Жон Коул, АҚШ Давлат департаменти, Европа ва Евросиё бўйича Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Кристофер Смит ҳамда бошқа кўплаб шахсларга миннатдорлик билдирган. 

Сергей Тихановский Беларусдан чиқиб кетгани айтилмоқда. У билан бирга бир нечта бошқа мухолифат тарафдорлари ҳам озодликка чиқарилган. 

Жон Коул ўзининг ижтимоий тармоқларида ёзишича, жами 14 нафар сиёсий маҳкум озодликка чиқарилган. У бу борада Литва ҳукуматининг кўмагини ҳам эътироф этган.

Тихановскийнинг сиёсий фаолияти

46 ёшли Сергей Тихановский 2006 йилда Светлана Тихановская билан турмуш қурган, икки фарзанди бор. 

2019 йилда у YouTube каналини очиб, амалдорларнинг ноқонуний фаолиятига қарши кураш бошлаган. Канал оммалашганидан сўнг, 2020 йилги президентлик сайловларига номзод бўлишга қарор қилган. Бироқ Марказий сайлов комиссияси унинг ташаббус гуруҳини рўйхатдан ўтказмаган, ўша вақтда Тихановский рухсатсиз митингда қатнашгани учун ҳибсда бўлган.

Шу сабабли унинг ўрнига сиёсий курашга хотини – Светлана Тихановская киришган. Расмий маълумотларга кўра, сайловда Лукашенко 80 фоиз, Тихановская 10 фоиз овоз олган, бироқ мухолифат бу натижаларни сохталаштирилган деб ҳисоблаган ва кенг кўламли норозилик намойишлари бошланган. Тихановская эса Литвага чиқиб кетган.

2021 йилда Тихановский оммавий тартибсизликларни уюштириш, ижтимоий адоват қўзғатиш, Марказий сайлов комиссияси ишига тўсқинлик қилиш ва жамоат тартибини қўпол бузишга чақирганлик айбловлари билан 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Кейинчалик, колония маъмуриятига бўйсунмагани учун яна 1,5 йил қамоқ муддати қўшилган.

2023 йилда эса Светлана Тихановская халқ ҳокимиятини эгаллаш мақсадидаги фитна, экстремистик тузилма ташкил этиш ва ҳокимиятни эгаллашга очиқ чақириқлар билан суд томонидан сиртдан 15 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Минскдаги Мустақиллик саройида АҚШ Президентининг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлогг билан учрашгани ҳақида хабар берилганди. Лукашенко ва Келлогг ўртасидаги музокаралар кун тартибига халқаро муаммолар ва дунёдаги умумий вазият, минтақавий муаммолар ҳамда Беларусь-Америка муносабатлари киритилган. Шу тариқа Келлогг сўнгги йилларда Беларусга борган АҚШнинг энг юқори лавозимли расмийси бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Александр Лукашенко Сергей Тихановский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг