Собиқ давлат раҳбарига очилган жиноят ишлари: у нимада айбланганди?

Таҳлил

Қирғизистонда мамлакатни бугунги кунгача умумий ҳисобда 6 та президент бошқарган. Булар Аскар Акаев, Курманбек Бакиев, Роза Отунбаева, Алмазбек Атамбоев, Сооронбай Жеэнбеков ва амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаров. Буларнинг бари ҳокимият тепасида бўлган йиллари мамлакат учун тарих ёзиб кетди. Бу тарихнинг айримлари шундай ёзилганки, уни ҳар қанақасига ҳам ўчиришнинг имкони йўқ. Мамлакат аҳолисининг айримлари улар қолдирган тарихни билса, яна айримлари унутган, ёки унуттирилган.

Ўзбекистонга ёндош қўшни бўлган Қирғизистонда шу пайтгача анча норозиликлар, зиддиятлар юзага келди. Хусусан, Ўш ҳамда Қўй-Тош воқеалари гапимизнинг исботи. Бугун биз ана шу икки воқеада асосий фигурант сифатида кўрилган Атамбоев ишига тўхталамиз.

Атамбоев президентликка қандай келганди?

2010 йилнинг июнь ойида рўй берган Ўш воқеаларидан сўнг 1 йил ўтиб, 2011 йилда ҳокимият тепасига келган Атамбоев мамлакатни 6 йил бошқарди. Атамбоев биринчи тўлиқ президентликдан кейин ўз хоҳиши билан лавозимни тарк этган биринчи президент бўлган. Қирғизистондаги энг йирик парламентдаги социал-демократлар партиясининг раҳбари Атамбоев ҳокимиятни 2017 йилдаги президентлик сайлови якунларига кўра энг яқин иттифоқчиси Сооронбай Жеэнбековга топширди. Аммо кўп ўтмай, собиқ давлат раҳбари жамоаси аъзоларига қарши жиноий иш қўзғатилди. Атамбоев собиқ Президент мақомидан маҳрум қилинди ҳамда оғир ва ўта оғир жиноятларда айбланди. 2019 йилнинг август ойида Қирғизистоннинг Чуй вилояти Қўй-Тош қишлоғида мамлакатнинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевни қўлга олиш бўйича операция бошланди. Атамбоевнинг уйига махсус бўлинма куч билан кириб, воқеа жойида ўқ овози ҳам эшитилган. Собиқ президентнинг тарафдорлари тошлар билан ҳимояланган, вазият жуда жиддий тус олган эди.

Қирғизистон парламенти ўша йилнинг 20 июнь куни Атамбоевнинг дахлсизлигини бекор қилиш бўйича қарор  қабул қилиб, уни мамлакат Бош прокуратурасига юборганди.

Прокуратура Атамбоевни Иссиқ-кўл вилоятида ер участкаларини қайта профиллаш, Бишкек иссиқлик электр станцияси ва мамлакат пойтахтидаги Тарих музейи реконструкциясида коррупцияга қўл урганликда, жиноий “авторитет” Азиз Батукаевни жазони ўташ жойидан ноқонуний озод қилишга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқарди. Агар суд уни айбдор деб топса, Атамбоев бутун умрга қамалиши мумкин эди.

Атамбоевнинг ўзи парламент аъзоларининг айбловини “мавҳум” деб, халқ олдида виждони тоза экани ва Президентлигидаги барча ҳаракатлари учун жавоб беришга тайёр эканини таъкидлади. У махсус операциядан кейин расмий баёнот билан чиқди ва ушбу фикрни билдирди:

“Сизларга алам билан мурожаат қиламан. Бугун ҳукумат кучлари ноқонуний равишда, Конституцияни бузган ҳолда, мени қўлга олиш учун, Атамбоевнинг оғзини ёпиш учун, қурол билан келди ва ўз халқини ўққа тутди. Аввалига резинали ўқлар билан, охирида – ҳақиқий ўқлар билан. Бу шармандали ва аламли. Атамбоев — террорчи эмас. Унинг атрофида йиғилган инсонлар – террорчилар эмас. Соат 19:30 да одамлар одатдагидек келиб, мен билан селфи тушишаётганди. Бегуноҳ одамлар жабрланди. 

Албатта, охир-оқибат улар махсус топшириқли гуруҳ вакилларини суриб ташлашди, уларнинг айримлари насибасини олишди. Биласиз, бу халқнинг ғазаби қандай.

Мен бир неча марта айтганман, Батукаев иши бўйича хат кўринишида жавоб беришга тайёрман. Расман жавоб беришни, буни газеталарда эълон қилишни таклиф қилганман. Ҳукумат эса Атамбоевнинг оғзини беркитиш учун ўз халқини ўққа тутишдан қайтмади. Бу шармандалик. Ҳукуматга яна бир бор айтаман: Тўхтатинг!”.

2019 йилнинг 8 август куни Қирғизистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Сооронбай Жеэнбеков Хавфсизлик кенгашининг йиғилишини ўтказди ва унда Атамбоевнинг қонун доирасидаги тергов тадбирларини ўтказишга қаршилик кўрсатиб, Қирғизистон Конституцияси ва қонунларини қўпол тарзда бузганини таъкидлади.

Қирғизистондаги спектакль давом эттирилди ва Атамбоев ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Унга қарши қўйилган барча айбловларни бир неча бор рад этган собиқ давлат раҳбарининг тарафдорлари қаршилик кўрсатишди, юқоридаги операция давомида махсус кучларнинг бир офицери ўлдирилди. 98 киши жароҳатланди. 

Ўша пайтда Қийноқларнинг олдини олиш бўйича марказ раҳбарига кўра, ҳибсга олинган Атамбоев икки ўринли камерада сақланган. Сиёсатчи изолятор ходимлари ҳаракатларига ҳеч қандай эътироз билдирмаган. У ҳар куни кунига уч мартадан тиббий кўрикдан ўтган.

“Шифокорлар унинг қон босимини ўлчаб бормоқда, керакли дорилар мавжуд. Адвокатлик ёрдами кўрсатилмоқда”.

Атамбоев иккита масала ҳал қилиниши учун ёрдам сўраган: кечаси чироқни ўчириш ва эшикни ёпишга рухсат олиш. Октябрь ойида у айбланувчи сифатида қонундаги ўғри Азиз Батукаевнинг ноқонуний равишда озод қилиниши ҳақидаги иш бўйича суд мажлисига келишни рад этди. Октябрь ойи охирида Атамбоев иштирокисиз ўтказилган суд мажлисида унинг ҳибс муддати яна 2 ойга узайтирилди.

Атамбоев ҳибсда бўлган пайтида Қўй-Тош қишлоғида содир бўлган воқеалар ҳақида халққа очиқ мурожаат билан чиқди.

“Азиз ватандошлар! 2019 йил 7 август куни уйимга Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси махсус кучларининг ноқонуний қуролли ҳужуми ва Қирғизистон собиқ президенти билан анъанавий учрашувга йиғилган тинч аҳолининг ўққа тутилганига уч ой бўлди.

Ғазабланган маҳаллий аҳоли ва отишма ҳақида ОАВдан хабар топган бошқа фуқаролар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳамда ИИВнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли менинг уйим ва унга яқин атрофда тўпланди. Одамларнинг ғазабига қарамай, хавфсизлик кучлари ўзларининг ноқонуний ҳаракатларини давом эттирди ва оқибатда тўқнашувлар юз берди. Кўплаб одамлар жароҳат олди, бир киши ҳалок бўлди.

Усонбек Ниёзбековнинг вафоти муносабати билан оиласига яна бир бор ҳамдардлик билдираман. Йўқотишни ҳеч нима билан қоплаб бўлмайди. Умид қиламанки, адолат ғалаба қилгандан кейин унинг оиласига ёрдам кўрсатиш имкониятим бўлади”, дейди Атамбоев.

Собиқ президент ҳокимиятнинг бундай ҳаракатлари мамлакат манфаатларига зид келиши, бу шахсан Президент Сооронбай Жеэнбековнинг ташаббуси экани ҳамда фақат битта мақсадни кўзлаши айтилади, яъни Атамбоевнинг обрўйини тўкиш, уни руҳан йўқ қилиш.

“Мен президент сифатида ҳалол ишладим ва сизнинг ёрдамингиз билан биз Қирғизистонни ривожлантириш, миллий руҳни кўтариш учун кўп ишларни амалга оширдик. Хатоларим бор эди, мен буни очиқчасига тан олдим ва Қирғизистон халқидан узр сўрадим. Баъзи дўстларим ва ёрдамчиларимга жуда ишонгандим, хавфсизлик кучларига қаттиқ таяниб юбордим. Аммо мен Қирғизистон халқи манфаати, мамлакат номи ва халқи учун виждонан ишладим.

Бугунги ҳукумат сиёсатчиларни қўрқитди ва фуқароларга объектив ҳамда холис маълумот олиш имконини ёпиб қўйди. Бундай вазиятда кўпчилик, А.Солженитсиннинг сўзлари билан айтганда, “ёлғонни мавжудлик шакли каби” ва “сотқинликни мавжудлик шакли сифатида” танладилар.

Бироқ фақат қўрқув ва хиёнат, разолат ва ёлғонга асосланган ҳокимият ҳеч қачон мустаҳкам бўлмайди. Вақт ҳамма нарсани ўз ўрнига қўйишига ишонаман. Эркинликни севувчи Қирғизистон халқи мағрурлик ва инжиқлик қаерда-ю, принциплар қаерда эканини ўзи аниқлаб олади. Кимлар порахўр амалдорлар ва оилавий кланларнинг манфаатларини кўзлаб ишлагани, кимлар эса Қирғизистон Республикасининг миллий манфаатларини ўйлагани ҳали ошкор бўлади. Ким ҳақиқатан ҳам халқ бирлигини мустаҳкамлаш учун ишлагани, кимлар эса фақат қуруқ сўз билан чеклангани фош бўлади. Вақт ҳамма нарсани ўз ўрнига қўйиб қўяди!” деб ёзган Атамбоев.

2020 йилда Атамбоев жиноий авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний равишда озод қилганликда айбланиб, 11 йил 2 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Унга берилган давлат мукофотлари ва мулки тортиб олинди. Ўзини ёмон ҳис қилаётганидан шикоят қилгач, у 1 ҳафта ўтар-ўтмас тергов изоляторидан шифохонага ўтказилди. У “қонундаги ўғри” Азиз Батукаев жиноий иши бўйича баёнот ҳам берди. Атамбоев Батукаевнинг озодликка чиқарилиши 2010 йил 7 апрелда намойишчиларга ўқ узишда айбланган Жаниш Бакиевни Қирғизистонга экстрадиция қилиш режасининг бир қисми бўлганини маълум қилди.

“2011 йилдан мен, Қирғизистон Президенти сифатида жиноятчи Жаниш Бакиевни мамлакатга экстрадиция қилиш учун барча чораларни кўрдим. Батукаев ишининг моҳияти шундаки, 2012 йилда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) операцияси натижасида Жаниш Бакиев Қирғизистонга келтирилиши керак эди. Бу операцияни бошқаришни унинг ташаббускори бўлган МХДҚнинг ўша вақтдаги раисига топширгандим. Афсуски, хавфсизлик қўмитаси операцияси муваффақиятсизликка учради”, деган Атамбоев.

Собиқ Президент на жиноий иш материалида, на гувоҳлар кўрсатмасида у томонидан йўл қўйилган коррупция ҳолати ёки бошқа жиноий ҳаракат ҳақида бирорта факт йўқлиги, шунинг учун, суд иши ёпиқ тарзда кўрилган ва барча ҳақиқатлар махфийлаштирилган дея фикр билдирди.

“Мен қонхўр жиноятчининг Қирғизистонга олиб келиниши ва жавоб бериши учун МХДҚ операциясига розилик берганим ортидан 11 йилга қамалган бўлиб қоляпман”, дейди Атамбоев.

Ўша пайтда Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асановга берилган топшириққа кўра, Атамбоев Қўй-Тош қишлоғидаги резиденциясида юз берган тартибсизликлар вақтида ўлиши кераклигини айтган.

“Ҳукумат берган вазифани бажаришда битта камчиликка йўл қўйдим: мен “хато” қилдим – Атамбоевни тирик қўлга олдим. Бор гап шу. Бошқа ҳеч нарса дейишни хоҳламайман”, деган Асанов.

2021 йилнинг ёзида Атамбоев бошқа бир жиноий иш бўйича судланувчига айланиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар тарқала бошлади. Негаки Бишкек Ички ишлар бош бошқармаси 2016 йилда Туркия фуқароларига Қирғизистон паспортларини ноқонуний равишда бериш фактларини текширишга киришди. Фуқароликни бериш тўғрисидаги қарор Фарид Ниёзов бошчилигидаги Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссия раислиги остида қабул қилинган ва фармон Атамбоев томонидан имзоланган. Бунинг ортидан ўн нафар Туркия фуқароси Қирғизистон паспортига эга бўлган. Сал ўтиб ҳуқуқ-тартибот идоралари Атамбоевга нисбатан Бишкекда тартибсизликлар уюштириш ва 2020 йилнинг октябрь ойи бошларида ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишга уриниш бўйича яна иккита айблов қўйди. Кейинчалик у оқланди.

Суд қарори билан 2023 йил 14 февралда 3,5 йил тартибли колонияда ўтирганидан сўнг озодликка чиқди ва республикани тарк этди. Жорий йилнинг 3 июнь куни эса Бишкекнинг Первомай туман суди Қўй-Тош воқеалари бўйича ҳукм чиқарди. Собиқ президент Алмазбек Атамбоев мол-мулки мусодара қилиниб, давлат мукофотларидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этилди. Ишдаги бошқа айбланувчиларга ҳам турли муддатлар берилди. Аммо орадан бир қанча вақт ўтиб, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбоевга нисбатан чиқарилган суд қарорига изоҳ берди ва уни афв этишга тайёрлигини айтди.

“Агар у ариза берса, уни афв этишим мумкин. Қўй-Тош воқеаларидан бери олти йил ўтди. Эҳтирослар аллақачон сўнди. Менимча, судлар унчалик қаттиққўл бўлмаган бўларди. Албатта, бу менинг судларга юклаётган фикрим эмас, балки менинг шахсий, фуқаролик фикрим. Менимча, улар фақат синов муддати ёки жарима билан чекланса яхши бўларди”, дейди Жапаров.

Атамбоев эса ўзига қўйилган айблар юзасидан халқаро суд олдида жавоб беришга тайёрлигини маълум қилди. 

“Президент Садир Жапаров собиқ ҳукумат Қўй-Тош воқеаси бўйича очиқ суддан қўрқади, деб айтди. У мени коррупциядан тортиб то қотилликкача бўлган бир қанча жиноятларда айблади. Шу боис мен ҳокимиятга аниқ таклиф билан мурожаат қиламан – Бош прокуратурага Гаагадаги Халқаро жиноий судга мурожаат қилишни топширинг. Мен шахсан ўша судга чиқишга ва ўзимга қўйилган барча – сиёсийдан тортиб жиноийгача айблар бўйича жавоб беришга тайёрман”, дея ёзган у ўз саҳифасида.

“Мамлакат раҳбариятига мурожаат қиламан: бу даражада пастлашманг, пасткашлик қилманг – Қўй-Тош иши ва бошқа сохта жиноий ишлар бўйича ноқонуний тарзда қамоқда ёки пробацияда сақланаётган бегуноҳ инсонларни озод қилинг. Бу одамлар фақат ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилганлари ва адолатли Қирғизистон ҳақидаги орзулари учун озодлигидан маҳрум бўлди. Уларнинг қамоқда қолиши – давлат ва унинг раҳбарияти учун исноддир. Агар ҳокимият ҳақиқатдан адолатга асосланган бўлса, халқаро трибунал олдида жавоб беришдан қўрқмаслиги керак. Агар Гаага суди мени айбдор деб топса, ҳар қандай жазони ўташга тайёрман”, деган Атамбоев. 

Собиқ президент озодликка чиққанидан кейин даволаниш учун Испанияга кетган эди. Ҳозирда ҳам у Қирғизистондан ташқарида. Ҳали собиқ раҳбар ҳақидаги гаплар бори шу. Қолганини биргаликда кузатамиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг