Путин ва Си Исроилни Эронга ҳужуми учун қоралади
Олам
−
19 Июнь 5699 2 дақиқа
Бугун, 19 июнь куни Россия Президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин телефон орқали мулоқот қилди, унда икки етакчи Исроилни Эронга берган зарбалари учун қоралади ва бу кескинликни юмшатиш зарурлигига келишиб олишди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Президент ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга берган интервьюсида ҳар икки давлат раҳбари Исроилнинг БМТ Низоми ва бошқа халқаро ҳуқуқ нормаларини бузувчи ҳаракатларини кескин қоралаганини айтди.
Билдирилишича, Москва ҳам, Пекин ҳам ҳозирги вазиятда Эрон ядровий дастури билан боғлиқ масалаларни ҳарбий йўл билан ҳал қилишнинг иложи йўқ, деган фикрда.
“Бу ечимга фақат сиёсий ва дипломатик воситалар орқали эришиш керак”, деди Ушаков.
Маълумотларга кўра, Путин сўнгги кунларда АҚШ Президенти Дональд Трамп, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан алоқада бўлган. Россия урушаётган томонлар ўртасида воситачилик қилишга тайёрлигини бир неча бор айтиб ўтган. Ҳозирча ҳеч ким Россиянинг таклифини қабул қилмаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 июнь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия Президенти Путин билан телефон орқали гаплашганди. Путин ўшанда мувофиқлаштирувчи воситачи сифатида Россия хизматларини таклиф қилган, Трамп эса бу таклифни омма олдида рад этмаган, аммо Эрондан “шартсиз таслим бўлиш” талаб қилган эди.
Маржона Муродова
Live
Барчаси