Эрондан қочиш авжига чиқди

Таҳлил

Исроил ва Эрон урушида ҳеч қандай чегара қолмади. Икки томон ўз ракеталари ва разведка салоҳияти билан имкони борича қарши томонни йўқ қилиш ҳаракатида. Кескинликнинг олдини олиши мумкин бўлган баъзи хабарлар ҳам рад этилмоқда. Жумладан, хорижий ОАВ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эроннинг кўплаб ҳарбий мулозимлари ва ядровий олимларини йўқ қилиб келаётган Исроилга Олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаийни ўлдиришга рухсат бермагани ҳақида хабар бера бошлаганди. Бироқ кейинчалик Нетаньяхунинг ўзи бу хабарларни рад қилиб, Исроил нимани лозим топса, уларнинг барчасини амалга оширишини маълум қилди. 

15 июнь куни эса Исроил Эронга яна ҳаво ҳужумларини уюштирди. Ҳаводан берилган зарбалар Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси, Ҳарбий ҳаво кучлари штаб-квартираси, Разведка вазирлиги, Адлия вазирлиги, Нефть вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, парламент биноси, Теҳрон полициясининг бош қароргоҳи, фуқаролик инфратузилмаси объектлари, хусусан, сув таъминоти ва канализация тизимига қаратилди. Исроил ҳаво зарбасидан сўнг Теҳрондаги кўп қаватли бинолардан бири қулаб тушди. Шаҳар кўчаларини сув босди.  Махсус хизмат бошлиғи Муҳаммад Козимий ва унинг ўринбосари харобалар остида қолгани айтилди. Бир зумда яна беш нафар ядровий олим “Моссад”нинг автомобилларни миналаштириш операцияси давомида йўқ қилингани ҳақида хабарлар тарқади. Бироз ўтиб эса эронликлар Теҳронни оммавий тарк этаётгани маълум бўлди. 

Орадан кўп ўтмай зарба йўллаш навбати Эронга етиб келди. Исроилнинг бир нечта шаҳарлари нишонга олинди. Ҳайфа, Тель-Авив ва Бней-Брак ҳудудларига зарбалар йўлланди. Ҳайфадаги нефтни қайта ишлаш заводи, “Гезер” электростанцияси Эрон ракеталари нишонида бўлди. Бен Гурион аэропортига ҳам зарба йўллангани айтилди. Эрон ракеталари Тель-Авивни ҳам, Ҳайфани ҳам ёнғинлар ичида қолдирди. Эрон ракеталари Исроилнинг бир қанча шаҳарларига зарар етказди. Ҳатто Нетаньяхунинг уйига ҳам ракета ҳужуми уюштирилди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг айтишича, Эрон унинг ётоқхонаси ойнасини ракета билан нишонга олган, аммо амалиёт муваффақиятли бўлмаган. Ушбу ҳужумда Эроннинг Ямандаги прокси кучлари бўлган ҳусийлар ҳам қатнашган. Исроилга зарба беришда Эрондан ҳам кўпроқ тажрибага эга бўлган Яман ҳусийларининг ушбу қасос амалиётида қатнашиши яҳудий давлатидаги алангаларни кучайтирди. Шундай қилиб, сўнгги маълумотларга кўра, 15 июнь куни тунда Исроилга уюштирилган Эроннинг жавоб ҳужумида камида 67 киши жароҳатланиб, 4 киши ҳалок бўлди.

Ожиз томонлар ошкор бўлмоқда

13 июндан буён давом этаётган урушнинг ҳар кунида янгича бурилишлар юз бермоқда. Хусусан, Исроил Эрон шарқидаги Машҳад аэропортига зарба берганини эълон қилди. Қизиғи, бу нуқта Исроилдан 2300 километр узоқликда жойлашган ва зарба нишони ёнилғи қуйиш самолёти бўлган. ЦАХАЛ бу Исроил ҳарбийлари томонидан Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери йўлланган энг узоқ зарба эканини қайд этди.  Харитага назар ташланса, Машҳад Туркманистон ва Афғонистон чегараси яқинида жойлашганини кўриш мумкин. 

Ўз ўрнида Эрон ҳам Исроил ҳаво мудофаа тизимининг “томирига тушиб олди”. Форсларнинг ракеталари бутун дунёга ўзининг деярли бехато ишлаши билан танилган “Темир гумбаз”ни  хато қилишга мажбурламоқда. Сўнгги уч кечада “Темир гумбаз” анча заифлашди. Бу кўп эҳтимол унинг ёпирилма зарбаларга бардош бера олмаслиги билан боғлиқ. Тармоқларда тарқалган тасвирлар Исроил ҳаво мудофаа тизими Эроннинг аксар зарбалари қаршисида ожиз қолаётганини яққол кўрсатмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Эроннинг жавоб зарбалари орасида мисли кўрилмаган тезликдаги ракета ҳам кўзга ташланади. У жуда катта тезликда нишонга келиб урилган. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси эса Исроилга қарши янги ракета зарбалари тўлқини давомида “янги усуллар” қўллаб, ҳатто Исроил ҳаво мудофаа тизимларини бир-бирига ҳужум қилишга мажбур қилганини маълум қилди. 

Ўзбекистонликлар Эрондан олиб чиқилди

Ҳаво ҳужумлари фонида Эрондан олти нафар Қозоғистон фуқароси Озарбайжоннинг Астара чегара-божхона пунктига эвакуация қилинди. Дастлаб узоқ йиллар давомида ёпиқ бўлган бу чегара нега айнан ҳозир очилгани ҳақида кўплаб шубҳалар урчиди. Жумладан, кўпчилик бу чегара-пункти Эронда махфий операция ўтказган “Моссад” агентларининг Озарбайжон орқали қочишини таъминлаш учун очилгани ҳақида тахминлар пайдо бўлганди. Аммо кўп ўтмай, кейинчалик худди шу чегара пунктидан бир гуруҳ Қирғизистон фуқаролари ҳам Эрондан Озарбайжонга олиб ўтилди. Кескинлик ҳаддан зиёд ошган маҳал Ўзбекистон ҳам Эрондан ўз фуқароларини олиб чиқди. ТИВ 16 июнь ҳолатига кўра, 30 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Эрон ҳудудидан Туркманистон ва Озарбайжон орқали муваффақиятли эвакуация қилингани ҳақида хабар берди. Вазирлик мазкур жараёнда Туркманистон, Озарбайжон ва Эронга чуқур миннатдорлик билдириб, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча зарур чоралар кўрилаётгани, Эрон ва Исроилдаги Ўзбекистон элчихоналари 24/7 режимида фаолият юритаётганини маълум қилди.

Шунингдек, Туркманистон ТИВ бугунги кунга қадар назорат-ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Руминия ва бошқа давлатлар фуқароларидан иборат тахминан 120 киши Эрондан олиб чиқилганини эълон қилди. Уларга автотранспорт, овқат, меҳмонхона хизмати ва зарур биринчи эҳтиёж воситалари тақдим этилган. Шу ўринда АҚШ элчихонаси ҳам ўз фуқароларини Озарбайжон чегараси орқали Эронни тарк этишга чақириб келмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг