Эрон АҚШ билан музокараларини тўхтатиши мумкин
Олам
−
14 Июнь 4891 2 дақиқа
Эрон Қўшма Штатлар билан эртага, 15 июнь кунига режалаштирилган ядровий битим бўйича янги музокара раундини ўтказиш масаласида ҳали қарор қабул қилгани йўқ. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағий маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Теҳрон Вашингтонни 13 июнга ўтар кечаси бошланган Исроил ҳужумларига алоқадор деб ҳисоблайди. Эрон версиясига кўра, Исроил бундай хавфли агрессия ва минтақада уруш қўзғатишга АҚШнинг ҳамкорлиги, координацияси ёки ҳеч бўлмаганда онгли розилигисиз қўл ура олмасди.
“Иккинчи томоннинг ҳаракатлари музокаралар ва мулоқотни амалда маъносиз қилиб қўйди. Сиз бир вақтнинг ўзида музокаралар ва ўзаро тушунувга эришиш зарурлиги ҳақида гапириб, бошқа томондан эса ирқчи режимга мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш имкониятини бера олмайсиз”, деган Эрон вакили.
У шунингдек, 15 июнь куни музокараларда Эроннинг қатнашиш масаласи ҳақида ҳозирча ҳеч нарса деб бўлмаслигини таъкидлаган.
Кўплаб ОАВлар эса Эрон музокараларда иштирок этмаслиги ҳақида ёзди. Аммо бу Теҳрон томонидан ҳалигача расмий тасдиқланмаган.
Маълумот учун, АҚШ ва Эроннинг Уммон воситачилигидаги Теҳрон ядровий дастури бўйича келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича музокараларининг биринчиси 12 апрель куни Уммон пойтахти Маскатда, иккинчиси 19 апрель куни Римда, учинчи ва тўртинчиси 26 апрель ва 11 май куни яна Уммон пойтахтида ва бешинчиси 23 май куни яна Италия пойтахтида бўлиб ўтган.
Маслаҳатлашувларда Эрон делегациясига Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи, Америка делегациясига эса Президентнинг махсус вакили Стивен Уиткофф бошчилик қилди.
Исроилнинг Эронга ҳужуми
Кеча, 13 июнь куни Исроил Эронга қарши зарба беришни бошлади ва бу операцияни “Шерлар олами” деб номлади. Зарба объектлари сифатида Теҳрон, Натанз, шунингдек, Кирмоншоҳ ва Харамобод ҳудудлари танланган. Ҳужумларда ҳарбий базалар, Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва Эрон Исломий инқилобий гвардияси вакиллари жойлашган турар жой мажмуалари нишонга олинган.
Исроил зарбалари оқибатида бир неча юқори лавозимли ҳарбий хизматчилар ва ядровий физиклар йўқ қилинган. Қолаверса, тинч аҳоли орасидан ҳам 60 киши вафот этгани тахмин қилинмоқда.
Live
Барчаси