Ҳиндистондаги самолёт қулашида ўзбекистонликлар ҳам жабрландими?

Жамият

image

Бугун, 12 июнь куни Ҳиндистоннинг Гужарат штатидаги Аҳмадобод шаҳрида Air India авиакомпаниясига тегишли Boeing 787-8 Dreamliner самолёти ҳалокатга учрагани, оқибатда 110 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур рейсда Ўзбекистон фуқаролари бўлмаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов маълум қилди.

“Ҳиндистон ҳудудида юз берган самолёт ҳалокати ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик. 
Ушбу фожиада ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва оилаларига чуқур ҳамдардлигимизни изҳор этамиз.
Олинган дастлабки маълумотларга кўра, мазкур рейсда Ўзбекистон фуқаролари бўлмаган”, деб ёзади Бурҳонов.

Маълумот учун, AI171 рақамли рейс маҳаллий вақт билан соат 13:38 да Аҳмадободдаги Sardar Vallabhbhai Patel халқаро аэропортидан Лондонга йўлга чиққан. Аммо парвоз бошланганидан атиги бир неча дақиқа ўтиб, самолёт фавқулодда ҳолат сигналини берган ва қисқа муддатдан сўнг алоқалар узилган. Самолёт аэропортдан унча узоқ бўлмаган ҳудудга қулаб тушган. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Аҳмадобод шаҳри ҳудудида юз берган авиаҳалокат оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Ҳиндистон Республикаси Президенти Драупади Мурму ва Бош вазири Нарендра Модига таъзия мактуби йўллаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон самолёт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг