Марказий банк асосий ставкани яна ўзгаришсиз қолдирди
Жамият
−
12 Июнь 3678 3 дақиқа
Марказий банк бошқаруви бугун, 12 июнь кунги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
“Сўнгги ойлардаги иқтисодий фаоллик ва истеъмол талаби динамикалари ҳамда базавий инфляциянинг ўсиш тенденцияси иқтисодиётда инфляцион босимлар сақланиб қолаётганидан далолат бермоқда. Бу, ўз навбатида, умумий инфляциянинг май ойидаги бироз пасайишига қарамасдан инфляция прогнози траекториясидан юқори шаклланишига сабаб бўлмоқда. Мазкур шароитда инфляцион жараёнларга энергия нархлари ошишининг иккиламчи таъсирларини пасайтириш ва умумий инфляциянинг барқарор пасаювчи трендга ўтишини таъминлаш мақсадида асосий ставка жорий даражасида қолдирилди”, дейилади пресс-релизда.
Қайд этилишича, йил бошидан ўсувчи трендда шаклланиб келган умумий инфляция даражаси май ойида ўтган йилги энергия тарифлари оширилишининг бирламчи таъсири чиқиб кетиши ҳисобига пасайиб, йиллик 8,7 фоизга тенг бўлган. Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари умумий инфляциядан юқори даражада шаклланмоқда.
Хизматлар инфляцияси тезлашиши ҳисобига базавий инфляциянинг ўсувчи динамикаси давом этиб, май ойида йиллик 8,5 фоизга етган. Иқтисодиётда ялпи талаб юқорилиги шароитида жорий энергия нархлари оширилишининг иккиламчи таъсирлари юзага чиқиши инфляцион босимларнинг узоқроқ давом этишига ишора беради.
Қайд этилишича, жорий йилнинг январь–май ойларида иқтисодиётдаги юқори фаоллик ялпи талабнинг шаклланишида асосий омиллардан бири бўлган. Бу савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмларининг ошиши ҳамда банклараро транзакциялар ҳажми ва кўчмас мулк савдоси битимлари сони ўсишида намоён бўлмоқда.
“Шунингдек, иқтисодиётга кредит ажратиш суръатларининг юқори даражада сақланиб қолаётгани ва бюджет харажатларининг ўсиши ҳам иқтисодий фаолликни рағбатлантиришга ҳисса қўшмоқда. Ушбу омиллар келгусида ялпи талабни қўллаб-қувватлаб, иқтисодиётдаги нархлар даражасига босимни кучайтириши мумкин.
Жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқликлар ҳамда халқаро савдодаги кескинликлар натижасида кўп давлатларда пул-кредит шароитлари қатъийлиги узоқроқ давом этиши кутилмоқда. Шу билан бирга, сўнгги ойлардаги айрим озиқ-овқатлар жаҳон нархлари ўсиши келгусида ички нархларга қўшимча босим яратиши эҳтимоли мавжуд”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, анъанавий экспорт товарлари биржа нархларининг юқори даражада сақланиб қолиши ва ҳамкор давлатларда алмашув курси мустаҳкамланиши экспорт тушумлари ҳамда трансчегаравий пул ўтказмалари ўсишини қўллаб-қувватламоқда. Бу, ўз навбатида, мамлакатга хорижий инвестициялар оқими ошиши билан бирга ички валюта бозорида таклифларнинг барқарор шаклланишига хизмат қилиб, келгуси ойларда алмашув курси томонидан инфляцияга босимларнинг камайишига ҳисса қўшади.
Маълум қилинишича, пул-кредит шароитларининг жорий қатъийлик даражаси сақлаб қолиниши келгусида кредитлаш ҳажми ўсишининг мўътадиллашуви ва депозитларнинг юқори ўсиш суръатлари давом этишини таъминлайди. Бу ялпи талабни мувозанатлаштирувчи ва монетар омилларнинг инфляцияга таъсирини камайтирувчи аҳамиятга эга бўлади.
“Юқорида келтирилган омилларни ҳисобга олиб, ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида Марказий банк бошқаруви асосий ставкани ўзгаришсиз, 14 фоиз даражасида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Марказий банк томонидан ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг 5 фоизлик таргет даражасигача пасайишига эришиш учун пул-кредит шароитларининг етарли даражада қатъийлиги таъминланади”, дейилади хабарда.
Иқтисодиётдаги ялпи талаб ва иккиламчи таъсирларнинг нархларга оширувчи босимлари келгуси ойларда кутилганидан кўра кучайиши бўйича эҳтимоллар ва асослар юзага келган тақдирда пул-кредит шароитлари қатъийлиги қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2025 йил 24 июль кунига белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк бошқаруви 24 апрелдаги йиғилишида ҳам асосий ставкани йиллик 14,0 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилганди.
Live
Барчаси