Урушлар тўхтамаяпти. Дунёда можаролар сони энг юқори кўрсаткичга етди
Олам
−
12 Июнь 4582 2 дақиқа
Дунё бўйлаб иштирокчиларнинг камида бири давлат бўлган урушлар ва можаролар сони 2024 йилда янги чўққига чиқди. Дунёнинг 36 та давлатида 61 та можаро содир бўлди, бу Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейинги ҳар бир йилдагидан кўп. Бу ҳақда Ослодаги Тинчлик тадқиқотлари институти (PRIO) олимларининг кеча, 11 июнь куни чоп этилган тадқиқотида сўз боради.
Тадқиқотда қайд этилишича, сўнгги йилларда можаролар сони ортиб бормоқда. 2022 йилда 56 та, 2023 йилда эса 59 та можаро содир бўлган. Ўтган йили 61 давлатлараро можародан 11 таси кенг кўламли урушлар бўлган.
“2024 йилда “икки уруш ҳукмронлик қилди”. Россиянинг Украинага бостириб кириши 76 мингга яқин, Ғазодаги уруш эса 26 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган”, деб ёзади ҳисобот муаллифлари.
PRIO ўзининг “Можаролар тенденциялари: глобал шарҳ” ҳисоботида можаролар қурбонлари сони 2023 ва 2024 йилларда тахминан бир хил – 129 минг кишига яқин бўлганини ёзади. Бироқ зўравонлик даражаси сўнгги ўттиз йилликдаги ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада юқори эди.
“Умуман олганда, 2024 йил 1989 йилда Совуқ уруш тугаганидан бери қуролли можаролар қурбонлари сони бўйича тўртинчи йил бўлди”, деб ёзади PRIO.
Ҳисобот муаллифлари, шунингдек, ҳукумат урушаётган томонлардан бири бўлган алоҳида давлатлар ичидаги можароларнинг кучайишини хавотирли деб атайди. Тадқиқотга кўра, Африка урушлардан энг кўп жабр кўришда давом этмоқда, 28 та давлат тўқнашуви қайд этилган, бу ўн йил аввалгидан деярли икки баравар кўп. Ундан кейин 17 та можаро билан Осиё, 10 таси билан Яқин Шарқ, 3 таси билан Европа, 2 таси билан Америкаси туради.
Шу билан бирга, тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ўтган йил давомида нодавлат низолар сони бироз қисқарган: 2023 йилдаги 80 тадан 2025 йилда 74 тагача.
“Бугунги дунё ўн йил аввалгига қараганда анча зўравон ва парчаланиб кетган. Глобал зўравонлик кучайиб бораётган шароитда изоляция қилиш инсон ҳаёти учун узоқ муддатли оқибатларга олиб келадиган жиддий хато бўлади”, деди институт директори ва етакчи муаллифи Сири Аас Рустад ҳисоботни тақдим этар экан.
Live
Барчаси