АҚШдан Ўзбекистонга даҳшатли санкция?
Таҳлил
−
12 Июнь 20660 11 дақиқа
АҚШ сенаторлари Россиядан газ, нефть ва бошқа ресурслар сотиб оладиган давлатларга қарши “ҳалокатли” санкциялар ишлаб чиқди. Бундай давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор ва унинг мазкур рўйхатдан ўрин олмаслигини ҳеч нарса кафолатламайди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Россияда зуғумга учраётган, муттасил таҳқирланиб келинаётган мигрантлар юзасидан юборган нотаси Москва томонидан кўриб чиқилмоқда.
Дунё сиёсатидаги энг қудратли доираларни ёриб ўта олмаган ёки бу ишни қилишни хоҳламаган Ғазо блокадасини 22 ёшли қиз Грета Тюнберг кичик кемада бузиб ўтмоқчи бўлди.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг бетоблиги ҳақида чиқаётган хабарлар Анқара томонидан рад этилди.
Маск ва Трампнинг “жанг саҳнаси” якунига етди. Дунёнинг энг бой одами дунёнинг энг қудратли давлати раҳбаридан узр сўради.
Ҳафтанинг ўртасига қадар дунёда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Midweek дастури.
АҚШ Сенати Россияга “совға” тайёрлади
АҚШ Сенати эса Россия тинчлик музокараларидан чиқгудек бўлса, эҳтиёт шарт сифатида ҳалокатли санкциялар тайёрлаб қўйгани айтилмоқда. Россия иқтисодиётига кучли зарба берадиган санкциялар лойиҳасини Жанубий Каролинадан сайланган республикачи сенатор Линдси Грем ва Демократлар партиясидан бўлган сенатор Ричард Блументал тайёрлаган. Бу лойиҳа Москвага Украина билан тинчлик музокараларидан бош тортган тақдирда, Россия билан савдо қилаётган давлатлардан импорт қилинадиган маҳсулотларга 500 фоизлик бож жорий этишни кўзда тутади. Гап асосан Россия нефти, уран, газ, нефть маҳсулотлари ва бошқа хомашё турлари ҳақида кетмоқда. “Politico” нинг ёзишича, бундай бож жорий этилиши АҚШни йирик жаҳон иқтисодиётларидан, жумладан, Европадаги иттифоқчиларидан ҳам узиб қўйиши мумкин. Буни ҳисобга олган ҳолда Линдси Грем агар бирор давлат Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатса, уни санкция хавфидан озод қилишни таклиф қилган. Бу ҳолатда Европа Иттифоқи 500 фоизлик бождан мустасно қилинади. Шундай бўлишига қарамай, мутахассислар сенаторнинг ташаббусига шубҳа билан қарамоқда.
Аммо лойиҳа Сенатда кенг икки партиявий қўллаб-қувватлашга эга бўлиб, 82 нафар қонунчи имзо қўйган. Бироқ айримлар бу қонун лойиҳасини танқид қилмоқда. Масалан, Кентуккидан сайланган сенатор Пол Ренд уни “яхши ўйлаб чиқилмаган қонун лойиҳаси” деб атаган. Сенатдаги республикачилар етакчиси Жон Тюн Сенат ушбу қонун лойиҳасини жорий йилнинг июнь ойи охирида кўриб чиқиши мумкинлигини айтган. Республика партиясининг сенаторлари бу масалада Оқ уйнинг розилигини олишни истамоқда. Трамп эса сўнгги пайтларда Сенатдан Россияга янги санкциялар киритиш жараёнини тўхтатиб туришни сўрагани ҳақида хабарлар бор. АҚШ Президенти бу қадам Кремль билан музокараларни барбод қилади, деб ҳисоблайди. Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам бу Россияга тўғридан тўғри йўлланадиган санкциялар эмас, балки у билан олди-берди қиладиганлар орқали қўлланадиган пакет. Бунда эса Россиянинг ҳозирги кундаги энг кучли қуролларидан бири – табиий бойликлар асосий объект ҳисобланади.
Энди эса шу ўринда Россия Ўзбекистон учун энг йирик икки савдо ҳамкоридан бири экани, боз устига ундан импорт қиладиган газ ҳажми катта эканига эътибор қаратиш лозим. Масалан, Ўзбекистон 2023 йилда Россиядан 300 миллион куб метр газ импорт қилган. Аммо ўша йил 7 октябрда республикада газ танқислигининг бир қисмини қоплаш учун Россиядан Ўзбекистонга Қозоғистон орқали газ етказиб беришга келишилди. Шартнома икки йилга тузиладиган бўлиб, сотиб олиш ҳажми кунига 9 миллион кубометрни ташкил этишини Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг ўзи маълум қилган. Кунига 9 миллион кубометр газ импорти йилига 2,8 миллиард кубометр дегани. Шунингдек, Россия энергия ресурслари экспортининг қарийб 70 фоизи Ҳиндистон ва Хитойга тўғри келади. Бож ставкалари бу давлатларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. Хитой маҳсулотларига 500 фоизлик бож жорий этилиши АҚШнинг ўзида нархларнинг кескин ошишига, таъминот занжирларининг узилишига, ишсизликнинг кўпайишига олиб келиши мумкин. Шу боис Пекин бу масалада хавотир олмаса ҳам бўлади. Аммо Ўзбекистоннинг қўлида бундай кучли карта мавжуд эмас.
Россия Ўзбекистондан олган нотага муносабат билдирди
Бир неча кун олдин Ўзбекистон Россияга у ерда меҳнат муҳожири сифатида ишлаб келаётган фуқароларига нисбатан куч ишлатар тузилмалар томонидан қилинаётган қўпол, инсон ҳуқуқларига зид ҳаракатлар юзасидан нота юбориб, ҳуқуқ-тартибот органларининг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилишини сўраганди. Шундан сўнг, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова улар Ўзбекистондан қабул қилинган нотадаги маълумотларни диққат билан кўриб чиқаётгани ва ваколатли органларга етказилаётганини маълум қилди. Захарова олинган объектив маълумотлар белгиланган тартибда Тошкентга узатилишини ҳам қўшимча қилди.
“Ўзбекистон элчихонасидан нота олинганлиги муносабати билан ундаги маълумотларни синчковлик билан ўрганмоқдамиз. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа хизматлар орқали бизда бевосита алоқа каналлари мавжудлигини қайд этмоқчиман. Иттифоқчилар ўртасида одат бўлганидек, суҳбат очиқ ва ҳар қандай сигнал диққат билан кўриб чиқилади. Ўзбекистон томонининг юқорида қайд этилган мурожаати ваколатли органларга етказилади. Қабул қилинган объектив маълумотлар белгиланган тартибда шерикларга ўтказилади”, деди Захарова.
Шунингдек, Россия ТИВ сўзамоли Тошкент ва Москва мустаҳкам иттифоқчилик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларига эга эканини, икки томонлама муносабатларнинг барча масалаларига шу нуқтаи назардан ёндашилаётганини таъкидлаган. Аммо сўнгги пайтларда Россия кучишлатар тузилмаларининг ўзбек мигрантларга қилаётган ғайриинсоний ҳаракатлари бунинг аксини кўрсатмоқда. Мигрантлар улар билан боғлиқ масалаларда ҳуқуқ чегарасидан чиқиш ҳолатларидан азият чекяпти. Бу ҳар ҳолда дўстлик, шериклик ва иттифоқчиликдан анча йироқдаги муносабат. Ўзбекистонлик мигрантларга рус кучишлатар тузилмалари томонидан қилинаётган таҳқирли ҳаракатларга четдан назар ташланса, икки мамлакат бир-бирига иттифоқчи эканига ишониш қийин.
Эрдўғаннинг соғлиғи ёмонлашдими?
Узоқ вақт ҳокимиятда қолган шахслар ҳақида кўп учрайдиган хабарлардан бири бу уларнинг соғлиғи билан боғлиқ тахминлар ёки миш-мишлардир. Сўнгги пайтларда мазкур хабарлар Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров атрофида жуда кўп урчиди. Ундан олдинроқ эса Владимир Путин ҳам қандайдир дардга чалингани, бу жиддий экани ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоққа чалинарди. Айни дамда ушбу гап-сўзлар Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга нисбатан ҳам айтилиши анча кўпайди. Аммо Туркия Алоқа бошқармаси ҳузуридаги Дезинформацияга қарши кураш маркази Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги даъволарни рад этди. Марказга кўра, ижтимоий тармоқлар, хусусан YouTube каналларида Президентнинг соғлиги яхши эмаслиги ҳақида хабарлар тарқатилган. Бироқ бу хабарлар ҳақиқатга зид, Эрдўғаннинг эса аҳволи яхши ва у ўз вазифасини бажаришда давом этмоқда. Шунингдек, Дезинформацияга қарши кураш маркази Эрдўғаннинг соғлиғи билан бирга хотираси ҳам яхши экани, унинг бардам ҳолда қарорлар қабул қилаётганини ҳам билдирган. Унга кўра, давлат раҳбарлари, сиёсатчилар ва бошқа расмий шахслар Президент Эрдўғаннинг муаммоларга чуқур тушуниши, кучли хотираси ва қатъий қарорлар қабул қила олишига гувоҳ бўлмоқда.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш жоизки, Туркиянинг 23 йиллик ёрқин лидери хаста экани ҳақидаги хабарлар биринчи бор чиқаётгани йўқ. Бундан 2 йил олдин ҳам президентлик сайлови арафасида жонли эфир пайтида ҳам унинг аҳволи ёмонлашиб қолганига кўпчилик гувоҳ бўлган. 2023 йилда жонли эфир пайтида Туркия раҳбарининг аҳволи ёмонлашганди. Ўшанда Эрдўған журналистларнинг 14 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайлови билан боғлиқ саволларига жонли эфирда жавоб бераётганида эфир бошланганидан бир неча дақиқа ўтиб тўхтатилди ва бу пауза 20 дақиқа давом этди. Трансляция қайта тикланганидан кейин Президент журналистларга ошқозони қаттиқ шамоллаганини айтди.
“Кеча ва бугун сайловолди ишлари қизғин кечди. Шундай қилиб, мен ошқозон гриппига дучор бўлдим. Мен ҳатто дастурни бекор қилиш ҳақида ўйладим. Лекин биз ваъда берган эдик ва келдик. Биз ҳам вақти-вақти билан шундай муаммоларга дуч келамиз, сиз ва томошабинларимиздан узр сўрайман”, деган Эрдўған.
Шундан сўнг баъзи ОАВда Эрдўған миокард инфарктини бошидан ўтказгани ҳақида хабарлар тарқалди. Расмий Анқара эса ўшанда бундай хабарларни рад қилганди. Туркия вице-президенти Фуат Ўқтай ўзининг Twitter’даги саҳифасида Эрдўғаннинг соғлиғи жуда яхши эканига ишонтирди. Аммо орадан қисқа вақт ўтгач, Эрдўған соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги миш-мишлардан сўнг “Оққую” атом электр станциясининг ядровий ёқилғи етказиб бериш маросимида онлайн шаклдагина иштирок этган.
22 ёшли Грета Исроилга қарши
22 ёшли ижтимоий-сиёсий фаол, дунёга эса асосан экофаол бўлиб танилган қиз Грета Тунберг кичик кема ва бир нечта ҳамроҳлари билан Исроил зулм деворини бузиб ўтмоқчи бўлди. У 1 июнь куни Озодлик флотилияси ташкилоти номидан “Мадлин” кемасида Сицилиядаги Катания портидан Ғазо секторига йўл олганди. Бортда ўнга яқин одам, жумладан, Европарламент депутати Рима Ҳассан ҳам бўлган. Бу флотилиянинг қисқа вақт ичида иккинчи бор Ғазога ёрдам жўнатишга уриниши эди. Жумладан, май ойи бошида ҳам аллақачон ташкилот Европадан Ғазо секторига миссия жўнатмоқчи бўлганди. Бироқ Тунберг миссияга қўшилиши керак бўлган Малта қирғоқлари яқинида кемада тўсатдан ёнғин содир бўлди. Кема тунда учувчисиз самолётлар томонидан ҳужумга учраганини билдирган фаоллар воқеада Исроилни айблаганди. Бу сафарги уринишда эса улар 9 кун давомида сузди ва қирғоққача етиб келди.
Исроилнинг ақлдан озган Мудофаа вазири Кац эса “Мадлин”нинг Фаластин ҳудуди қирғоқларига етиб боришига йўл қўймаслик ҳақида буйруқ берди. Шундан сўнг Исроил ҳарбий-денгиз кучлари Ғазо секторига кетаётган “Мадлин” кемаси бортидаги гуманитар ёрдам ва фаолларни тутиб олди. Кема ҳарбийлар назорати остида Исроил қирғоқларига жўнатилган. Исроил ТИВ “Мадлин” йўловчилари ўз ватанларига қайтарилиши, бортдаги гуманитар ёрдам эса “гуманитар каналлар” орқали Ғазо секторига жўнатилишини маълум қилди. Озодлик флотилияси ҳам кема экипажи ҳибсга олингани ва юк мусодара қилинганини тасдиқлади. Фаоллар эълон қилинган видеоларда ҳибсга олинишини одам ўғирлаш деб таърифлаган. Флотилия ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида кема халқаро сувларда ҳужумга учраганини ёзди. Унга кўра, квадрокоптерлар кемани ўраб олишган, алоқа узилган, радиода хавотирли товушлар янграган. Шу билан бирга, фаоллар вакили Хувайдо Арраф Исроилнинг хатти-ҳаракатлари халқаро ҳуқуқ нормаларига зид эканлигини, чунки улар Халқаро суднинг Ғазо секторига гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз етиб бориши ҳақидаги аввалги қарорига тўғри келмаслигини таъкидлади.
Швециялик экофаол Грета Тунберг Исроилдан депортация қилинди. У дастлаб Францияга, сўнг у ердан Швецияга қайтиши керак эди. Парижга қайтгач, Грета аэропортда интервью бериб у ва ҳамроҳлари Исроил ҳарбийлари томонидан ўғирлаб кетилганини айтди. Аммо у бу билан тўхтаб қолмасликни, шунга ўхшаш миссиялар Ғазо блокадасини тўхтатиш учун ёрдам беришига ишончи комил эканини таъкидлади. У билан ҳамкорлик қилган Озодлик флотилияси нодавлат ташкилоти эса 2010 йилда иш бошлаган бўлиб, ташкилотнинг расмий мақсади Ғазо секторига гуманитар юкларни етказиб беришдир. Озодлик флотилиясининг 2010 йил май ойида Ғазо сектори қирғоқларига сузиб боришга биринчи уриниши шу кунгача энг машҳур миссиялардан бири эди. Ўшанда Исроил ҳарбий-денгиз кучлари фаоллар билан олтита кемани тутиб олган, бироқ улардан бирида қаршиликка дуч келган. Тўқнашувда 9 нафар фаол ҳалок бўлган – уларнинг барчаси Туркия фуқаролари эди. 30 йўловчи ва 10 дан ортиқ исроиллик аскарлар жароҳатланган.
Маск-Трамп жанжали тугади. Илон узр сўради
Илон Маск ва АҚШ Президенти ўртасида X ва Truth Social платформаларида кечган “постлар жанги” ниҳоясига етди. Маск ўтган ҳафта жамоатчилик орасида шов-шувга сабаб бўлган АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳақидаги сўзлари учун афсусда эканини билдирди. 11 июнь куни у Х’даги саҳифасида бу жуда узоққа чўзилиб кетганини таъкидлади. Миллиардер ва Президент ўртасидаги можаро тадбиркор Ҳукумат самарадорлиги департаменти (ДОГЕ) бошлиғи лавозимини тарк этганидан сўнг дарҳол юзага келди. Бунга асосий сабаб эса Трампнинг Маскка қарашли Tesla компанияси фаолиятига кучли таъсир қилувчи субсидияларни қисқартириш ҳақидаги лойиҳаси эди. Илон Маск Президент томонидан имзоланган мазкур лойиҳани “жирканчлик” деб атаб, унинг сайловолди компанияси учун сарфлаган пулларини миннат қилди. Шундан сўнг, ҳаммаси тезлик билан юз берди. Маск Х’да ўзига хос “қўзғолон” кўтарди. У ўз саҳифасида Қўшма Штатларда “учинчи сиёсий партия” тузиш зарурлиги бўйича сўровнома ҳам жойлаштирди. Сўровномада қатнашганларнинг 80 фоизидан ортиғи бу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Маск ҳатто Трампга импичмент эълон қилиш масаласини ҳам ўртага ташлади. Трамп эса буларнинг барчасига жавобан миллиардерни ақлдан озган дея таърифлади.
Шундан сўнг Оқ уй икки ўртада ярашув ташкиллаштиришга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабарлар чиқди. Аммо Трамп Маск билан муносабатларни тикламасликка қарор қилгани айтилди. Бу орада миллиардернинг отаси Эррол Маск Россияда эди. У ўғли чарчагани сабабли АҚШ Президенти Дональд Трампга қарши хато фикрлар айтганини билдирди. Россиянинг Сарград институти иштирокида Москвада ташкил этилган “Келажак форуми 2050” анжуманида қатнашиши Эррол Маск ўғли анчадан буён стрессда бўлганини маълум қилди.
“Трамп ғалаба қозонади – у Президент. У Президент этиб сайланган. Илон эса хато қилди, деб ўйлайман. У чарчаган, стрессда. Беш ой давомида тинимсиз стресс остида яшади”, деган Илон Маскнинг отаси.
Live
Барчаси