Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон чигирткаларга қарши курашда бирлашади
Жамият
−
09 Июнь 3431 2 дақиқа
Европа ва Ўрта ер денгизи ўсимликларни ҳимоя қилиш ташкилоти (EPPO) ишчи гуруҳининг 55-йиғилиши доирасида Қозоғистон Давлат назорат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Сакен Қанибеков ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон фитосанитария хизматлари раҳбарлари учрашув ўтказиб, чигирткаларга қарши ҳимоя чораларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув давомида иштирокчилар мамлакатларда мавсумий ҳашаротларга қарши курашиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича мавжуд амалиёт билан таништирилган. Хусусан, “Locust.uz” тизими намойиш этилган. Бу чигиртка тухум қўйган ҳудудлар, кимёвий тозалаш ишлари олиб борилган ҳудудлар тўғрисидаги маълумотларни қайд этувчи электрон платформа бўлиб, вазиятни тўғри баҳолаш имконини беради. Тизим, шунингдек, транспорт воситаларига ўрнатилган GPS қурилмалари ёрдамида махсус жиҳозлар ҳаракатини кузатиб боради. Бу вазиятни ўз вақтида баҳолаш ва катта майдонларда чигиртка тарқалишининг олдини олиш имконини беради.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, халқаро фитосанитария стандартларини жорий этиш ва ахборот алмашинувини ривожлантиришга келишиб олган.
“Томонлар чегара ҳудудларида чигирткаларга қарши курашиш, фитосанитария ҳолати, ўрганиш натижалари, зарарли организмларнинг тарқалиши ва кўрилган чоралар тўғрисида тезкор маълумотлар алмашинувини таъминлаш бўйича ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, фитосанитария сертификатлари тўғрисидаги маълумотларни самарали ва мунтазам алмашиш учун ахборот тизимларини бирлаштириш кўзда тутилган.