Трамп 500 минг нафар муҳожирни ҳуқуқий мақомидан маҳрум қилади
Олам
−
31 Май 2717 2 дақиқа
АҚШ Олий суди Президент Дональд Трампга 500 мингдан ортиқ муҳожирни ҳуқуқий мақомидан маҳрум қилиш ҳуқуқини берди. Бу ҳақда суднинг тегишли қарорида сўз боради.
Унга кўра, Куба, Гаити, Никарагуа ва Венесуэладан келиб, Жо Байден даврида махсус гуманитар дастурлар асосида АҚШда вақтинча яшаш ҳуқуқига эга бўлган мигрантлар энди бу мақомдан маҳрум қилиниши мумкин.
Маълумот учун, бунгача қуйи инстанция судлари АҚШ ҳукумати томонидан тўртта Лотин Америкаси давлати – Венесуэла, Гаити, Куба ва Никарагуадан бўлган 532 минг мигрантга берилган вақтинчалик ҳуқуқий мақомни бекор қилиш уринишини рад этган. Улар Ички хавфсизлик департаменти ҳар бир шахс ишини индивидуал тарзда таҳлил қилмаганини таъкидлаб, ҳукуматнинг ҳаракатларини қонуний деб топмаган.
Бироқ АҚШ Олий суди энди бу қарорни бекор қилди ва расмий Вашингтонга бу мигрантларнинг мақомини йўқ қилиш имконини берди. Бу дегани, улар депортация хавфи остида қолмоқда. Шунга қарамай, ушбу қарор бошқа давлатлар, хусусан, Афғонистон ва Украинадан келган фуқароларга тааллуқли эмас – уларнинг вақтинчалик ҳуқуқий мақоми сақлаб қолинмоқда.
Аввалги дастурга кўра, Венесуэла, Гаити, Куба ва Никарагуадан бўлган шахслар АҚШга кириш учун олдиндан ариза топшириб, икки йилга меҳнат рухсатномасини олишлари мумкин бўлган. Бунинг учун улар АҚШда яшаётган ҳомий топишлари шарт эди. Бу ташаббусни республикачилар доимий равишда кескин танқид қилиб келган.
Маълумот учун, Дональд Трамп маъмурияти АҚШдан 1 миллион ноқонуний муҳожирни депортация қилишни режалаштирмоқда. АҚШ Ички хавфсизлик департаменти маълумотларига кўра, 2025 йил бошидан бери мамлакатдан 117 минг киши чиқариб юборилган.
Шунингдек, Вашингтон 30 давлат билан у уларнинг фуқароси бўлмаган мигрантларни ҳам депортация қилиш юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Оқ уй эса эндиликда депортация қилинганлар сони бўйича расмий статистикани эълон қилишни тўхтатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ иммиграция расмийлари Дональд Трампга суиқасд қилиш билан таҳдид қилган, Мексикадан келган ноқонуний муҳожирни ҳибсга олганди.
Live
Барчаси