Эронда Исроил учун жосуслик қилган шахс қатл этилди
Олам
−
28 Май 4139 1 дақиқа
Эрон расмийлари Исроил фойдасига жосуслик қилганликда айбланган Педрам Мадани исмли шахсга нисбатан чиқарилган ўлим ҳукми ижро этилганини маълум қилди. Бу ҳақда Эрон суд тизими билан боғлиқ “Mizan” ахборот агентлиги хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, Мадани “Моссад” фойдасига жосуслик қилиш”, “ҳимояланган алоқа канали орқали Исроил агентига махфий маълумотларни етказиш”, шунингдек, Брюсселда жойлашган Исроил элчихонасини “зиёрат қилиш” ва Исроилга “жосуслик фаолияти доирасида” сафарлар уюштиришда айбдор деб топилган.
Эрон Олий суди томонидан ҳукм тасдиқлангач, қатл жазо чоралари кучга кирган. Мадани тахминан 6 йил аввал ҳибсга олинган бўлиб, Эроннинг Ислом инқилоби суди уни “Ер юзида бузғунчиликни тарқатиш” моддасига асосан ўлим жазосига ҳукм қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҳам Эрон Олий суди ҳукми билан Исроил махсус хизмати билан ҳамкорлик қилганликда айбланган Моҳсен Лангарнешин қатл этилганди. Лангарнешин тергов давомида айбини тан олган. Суд вакиллари унинг “Моссад” фойдасига олиб борган жосуслик фаолияти, террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлагани, шунингдек, Исроил разведкаси билан алоқа учун фойдаланилган махфий коммуникация линияси аниқланганини маълум қилган.