Италияда йирик мафия гуруҳлари бирлашмоқда
Олам
−
28 Май 11480 2 дақиқа
Италия мафияси сўнгги йилларда наркотик савдоси, фоҳишалик ва пул ювиш соҳаларида ўзаро рақобатдан кўра ҳамкорликка устуворлик бермоқда. Бу ҳақда Италия Миллий антимафия бошқармасининг (DIA) кеча, 27 май куни эълон қилинган йиллик ҳисоботига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Ҳисоботга кўра, Сицилиядаги “Коза Ностра” ҳамда Неаполдаги “Каморра” тўдалари нафақат Италия ичида, балки хорижда ҳам иттифоқлар тузмоқда, Калабриядаги “Ндрангета” эса тобора кўпроқ давлат инфратузилма лойиҳаларини назоратга олишга уринмоқда.
“Ўзаро ҳамкорлик мафия гуруҳлари ўртасида барқарор синергия шаклланишига сабаб бўлмоқда”, дея изоҳлаган ушбу ҳолатни DIA директори Микеле Карбоне.
Ҳисоботда мафиянинг Европа Иттифоқининг пандемиядан кейинги Тикланиш фонди, Сицилия билан материкни боғлайдиган кўприк қурилиши ҳамда 2026 йилги қишги Олимпиадага тайёргарлик каби йирик ва давлат томонидан молиялаштирилаётган лойиҳаларга кириб боришга уринаётгани алоҳида таъкидланади. Жумладан, 2024 йилда қурилиш соҳасида мафия таъсирини бартараф этиш бўйича маъмурий чоралар қўлланилган ҳолатларнинг 38 фоизи айнан шу соҳа ҳиссасига тўғри келган. Бу доирада 200 та қурилиш объектида тергов ишлари бошланган.
Ҳисоботда айтилишича, мафия гуруҳлари замонавий технологиялардан фаол фойдаланмоқда: улар шифрланган алоқа каналлари орқали мулоқотда бўлади, қамоқдаги аъзолар билан дронлар ёрдамида алоқа қилади, шунингдек, Хитойнинг “ерости банк тизимлари” орқали пул ювиш ҳолатлари тобора кенгаймоқда.
Бундан ташқари, ҳисоботда ижтимоий жиҳатдан ҳимоясиз ёшларга таъсир ўтказиш ва уларни жиноятга жалб қилиш тенденцияси кучайиб бораётгани ҳақида огоҳлантирилади. Мафия бу ёшларни “болалар тўдалари”га айлантириб, ижтимоий тармоқлардаги видеолар орқали уларни ўз сафига жалб қилмоқда.
Шундай қилиб, Италия мафияси нафақат анъанавий жиноят фаолиятини давом эттирмоқда, балки замонавий технологиялар, йирик молиявий оқимлар ва ёш авлодни жалб қилиш орқали стратегик даражада трансформацияланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италиянинг Палермо шаҳрида мафияга қарши ўтказилган кенг кўламли операция давомида 180 га яқин киши ҳибсга олинганди. Улар гиёҳванд моддалар савдоси, ноқонуний қурол сақлаш, қотилликка уриниш, товламачилик ва онлайн қимор ўйинларида айбланган.
Live
БарчасиНавоийда Қорбоболар паради ўтказилди
25 Декабрь
Мария Захарова 50 ёшга тўлди
25 Декабрь