Хитойдаги кимё заводида катта портлаш содир бўлди (видео)
Олам
−
27 Май 4929 2 дақиқа
Бугун, 27 май куни Хитойнинг шарқий қисмида жойлашган Шаньдун вилоятидаги кимё заводида катта портлаш юз берди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрга кўра, портлаш Вэйфан шаҳрида жойлашган Shandong Youdao Chemical компаниясининг цехида тушдан олдин содир бўлган. Ҳодиса жойига 200 дан ортиқ фавқулодда вазият ходимлари етиб борган.
Портлаш оқибатида осмонга қалин тутун кўтарилган, аммо жабрланганлар ёки қурбонлар ҳақида ҳозирча аниқ маълумот берилмаган.
Ушбу ҳалокат Хитой ижтимоий тармоқларида заҳарли газ таъсири хавфи бўйича муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Маҳаллий ҳукумат вакиллари тезкорлик билан ёнғинни ўчириш, портлаш оқибатларини бартараф этиш ва жабрланганлар сонини аниқлаш бўйича фавқулодда хизматларга топшириқ берган.
Айрим маҳаллий оммавий ахборот воситалари портлаш оқибатида деразалар ромлари билан бирга синиб кетгани, портлаш кучи баъзи аҳоли яшаш жойларидаги буюмларни кўчага чиқариб юборганини хабар қилмоқда.
Фавқулодда вазиятлар бўйича миллий вазирлик берган баёнотга кўра, ҳодиса жойига 55 та махсус техника ва 232 нафар фавқулодда ҳолат ходими юборилган. Таъкидланишича, Вэйфан Экологик муҳит бюроси портлаш юз берган ҳудудда экологик тестлар ўтказиш учун ўз ходимларини сафарбар қилган. Шунингдек, бюро яқин-атрофдаги аҳолига ниқоб тақиб юришни маслаҳат берган.
Содир бўлган портлашдан сўнг Shandong Youdao Chemical компаниясининг акциялари бугун тушдан кейин деярли 4 фоизга тушиб кетган.
Эслатиб ўтамиз, 26 апрель куни Эроннинг Бандар-Аббос шаҳри яқинидаги Шаҳид-Ражаи денгиз порти ҳудудида кучли портлаш содир бўлган эди. Бир неча контейнер портлаши оқибатида 40 киши ҳалок бўлган, 1000 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Айрим ОАВ портлаш кимёвий моддалар ва ракета ёқилғисига эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш оқибатида содир бўлгани ҳақида ёзди. Бироқ расмий Теҳрон буни рад этди.
Жалолиддин Раҳмонов
Live
Барчаси