Гарвард Трампни яна судга берди
Олам
−
23 Май 3658 2 дақиқа
Бугун, 23 май куни Гарвард университети АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятининг университетга халқаро талабаларни қабул қилиш ваколатини бекор қилиш қарори юзасидан судга мурожаат қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Бостон шаҳри федерал судига тақдим этилган даъво аризасида Гарвард университети мазкур қарорни АҚШ Конституцияси ва бошқа федерал қонунларнинг “очиқчасига бузилиши” деб баҳолаган ва бу ҳолат университет ҳамда 7 мингдан ортиқ визага эга талаба учун “ҳалокатли оқибатлар”ни келтириб чиқаришини таъкидлаган.
“Ҳукумат оддийгина бир имзо билан Гарвард талабалари сафининг чорак қисмини ҳамда университет фаолиятига сезиларли ҳисса қўшаётган халқаро талабаларни йўқ қилишга уринмоқда”, дейилади даъво аризасида.
Шунингдек, университет бу қарорни “ҳукуматнинг қасоси” деб баҳолаган.
“Бу ҳукумат томонидан Гарварднинг ўз бошқаруви, ўқув дастурлари ва талаба ҳамда профессор-ўқитувчиларининг мафкуравий қарашларини назорат қилишга доир талаблари рад этилганига нисбатан очиқчасига қасос олишнинг навбатдаги ҳаракатидир”, дейилади аризада.
Гарвард АҚШ ҳукумати талабларини рад этади
Гарвард университетига 2,2 миллиард доллар федерал грантлар апрель ойининг ўрталарида музлатиб қўйилди. Уларни музлатмаслик учун университетдан “Америка қадриятлари ва институтларига душман” хорижликларни ўқитишни рад этиш тизимини ишлаб чиқиш ва антисемитизм ва нафрат нутқининг бошқа шакллари бўйича мавжуд дастурларни ташқи экспертлар билан текшириш керак эди.
Университет раҳбарияти бу талабларни бажаришдан бош тортди ва АҚШ маъмурияти устидан судга мурожаат қилиб, молиялаштиришни тиклашни талаб қилди. Апрель ойининг охирида Гарвард университети иккита ҳисобот эълон қилди – бири кампусдаги антисемитизм ва Исроилга қарши кайфият ҳақида, иккинчиси эса исломга қарши.
Иккала ҳисобот муаллифлари кампус маданияти ва университетнинг вазиятга муносабатини танқид қилади. Шу билан бирга, улар университетдаги зарур ислоҳотларни “ташқи кучлар” босими остида эмас, балки “ички жараёнларга таянган ҳолда ва Гарвард ҳамжамиятининг кенг қўллаб-қувватлаши билан” амалга ошириш керак, деган фикрни билдиришмоқда. Шундан сўнг Гарвард университети президенти Алан Гарбер университет талабалар ва ходимларнинг умидларини қондира олмагани учун узр сўради. Шунингдек, у Исроилга қарши антисемитизм ва тарафкашликка қарши кураш бўйича янги ташаббусларни эълон қилди.
Икромбоев Ҳасанбой
Live
Барчаси