Трамп оқ танлилар геноциди ҳақида ёлғон далил кўрсатгани маълум бўлди 

Олам

image
Трамп Оқ уйда Рамафосага тузоқ қўйди: Жанубий Африкада оқ танлилар геноцид қилингани айтилди north_east

Трамп Оқ уйда Рамафосага тузоқ қўйди: Жанубий Африкада оқ танлилар геноцид қилингани айтилди

АҚШ Президенти Дональд Трамп Жанубий Африкада оқ танли фермерлар оммавий равишда ўлдирилаётгани ҳақидаги даъволарини тасдиқлаш учун ёлғон далиллар келтиргани маълум бўлди. Бу ҳақда кеча, 22 май куни кечқурун “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, Трамп кўрсатган фотосуратлардан бири умуман Жанубий Африкадан эмас. Аслида, бу февраль ойида Конго Демократик Республикасида олинган “Reuters” видеосидан олинган кадр.

21 май куни Жанубий Африка Президенти Сирил Рамафосанинг Оқ уйга ташрифи чоғида Трамп ўша суратни ҳам кўрсатди ва унда ўлдирилган оқ танли фермерлар тасвирланганини даъво қилди.

Бироқ, “Reuters” хабарига кўра, расмда Конгонинг Гома шаҳрида исёнчилар билан тўқнашувдан сўнг жасадлар қопларини кўтариб кетаётган қутқарувчилар тасвирланган.

Жанубий Африкада оқ танлиларнинг оммавий ўлдирилишининг яна бир далили сифатида Трамп қишлоқ йўли бўйлаб юзлаб оқ хочлар тасвирланган кадрларни тақдим этди. АҚШ Президентининг таъкидлашича, булар мингга яқин ўлдирилган оқ танли фермерларнинг қабридир.

KNA католик ахборот агентлиги маълумотларига кўра, аслида тасвирлар 2020 йилда Жанубий Африканинг шарқий қисмидаги норозилик намойишидан олинган.

Рамафоса оқ танли озчиликка қарши “геноцид” айбловларини кескин рад этди. У мамлакатдаги зўравонликларнинг юқори даражаси муаммосини тан олди.

“Афсуски, одамлар жиноий фаолият оқибатида ҳалок бўлмоқда. Бу нафақат оқ танлилар – қурбонларнинг аксарияти қора танлилар”, деди у.

Жанубий Африка полициясининг маълумотларига кўра, 2024 йилнинг октябрь ва декабрь ойлари орасида мамлакатдаги фермер хўжаликларида 12 киши ҳалок бўлган, бу худди шу даврда мамлакат бўйлаб қотиллик қурбонлари умумий сонининг (6953) бир қисми.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Конго Жанубий Африка Сирил Рамафоса

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг