ЕИ давлатлари 150 млрд евролик мудофаа фондини ташкил қилади

Олам

image

Европа Иттифоқи давлатлари умумий бюджет асосида молиялаштириладиган ва 150 миллиард еврога тенг бўлган янги қуролланиш кредит фондини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Financial Times” нашри хабар берди.

Нашрга кўра, мазкур фонд орқали ЕИ аъзолари қурол-яроғ тизимлари ва платформаларини харид қилиш учун Брюсселдан қарз олиш имкониятига эга бўлади.

“Бу ташаббус Россиянинг Украинага қарши уруши ҳамда АҚШ Президенти Доналд Трампнинг Европани ўз хавфсизлигига кўпроқ маблағсарфлашга ундаган талабларига жавобан пайдо бўлган”, дейилади хабарда.

Еврокомиссия ушбу ташаббусни йил бошида тақдим этган. Унинг асосий мақсади – қитъадаги қайта қуролланиш жараёнини тезлаштириш ва ЕИнинг мудофаа саноатини мустаҳкамлаш. Шу боис фонднинг катта қисми қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи компанияларга йўналтирилади.

Бироқ ташаббус доирасида ЕИга аъзо бўлмаган давлатлар, хусусан Буюк Британия, АҚШ ва Туркия компанияларининг иштироки энг баҳсли масалалардан бири бўлди. Музокараларда қатнашган расмийлардан бири бунга изоҳ берган.

“Биз ЕИ аъзо давлатларига очиқ қарши чиқаётган мамлакатдаги мудофаа саноатини молиялаштира олмаймиз”, деган у.

Айниқса, Греция Туркиянинг иштирокини босқичма-босқич амалга ошириш ва у билан сиёсий ён беришлар орқали муроса қилиш тарафдори бўлди.

Шунингдек, ташаббус доирасидаги ҳар қандай лойиҳа учун ЕИга аъзо бўлмаган давлатлардан бўлган субпудратчиларнинг иштироки 15 фоиз билан чекланади. Агар улар ЕИдаги бош пудратчи билан мавжуд ҳамкорликка эга бўлса, бу улуш 35 фоизгача оширилиши мумкин.

Янги схема доирасида артиллерия снарядлари, ракеталар ва дронлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ҳарбий транспорт учун стратегик самолётлар, шунингдек, киберхавфсизлик ва сунъий интеллект тизимларини биргаликда харид қилиш режалаштирилган.

Ташаббус расмий тасдиқдан сўнг жорий ой охиригача кучга киради.

“Financial Times”, шунингдек, Евроиттифоқ ва Буюк Британия брекситдан кейин илк бор хавфсизлик ва мудофаа соҳасида янги ҳамкорлик пакти имзолаш арафасида эканини эслатган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка Қўшма Штатлари НАТО иттифоқчилари билан Америка қўшинларини Европа давлатларидан олиб чиқиш бўйича маслаҳатлашувларни жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтадиган Гаагадаги саммитдан сўнг бошлаши хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Еврокомиссия мудофаа фонди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг