“Бахти Ташкентский”нинг одами экани айтилган шахс қамалди
3-саҳифа
−
16 Май 12325 4 дақиқа
“Қонундаги ўғри” Бахтиёр Қудратиллаевнинг (“Бахти Ташкентский”) ўғли Бекзод Зафаров билан яқин муносабатда бўлган ва Бахтиёр Қудратуллаев томонидан Самарқанд вилоятига “положенец” қилиб тайинланган шахс раҳбарлик қилаётган уюшган гуруҳга қўшилган шахс Ҳ.Ф. 8 йилга қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳукми билан танишди.
Суд ҳукмига кўра, Ҳ.Ф. Бахтиёр Қудратуллаевнинг ўғли Бекзод Зафаров билан яқин муносабатларга киришиб, “Бахти Ташкентский” томонидан Самарқанд вилоятига ноқонуний ҳаракатларнинг олиб борилишига масъул (“положенец”) қилиб тайинланган шахс раҳбарлик қилаётган уюшган гуруҳга қўшилган. Мазкур гуруҳ аъзолари Самарқандда “кўчани қўлга олиб”, товламачилик ҳаракатларини содир этиб келган, иқтисодиёт соҳасида содир этиладиган жиноятлар туркумига кирувчи, ўзгалар мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлган товламачилик жиноятларини содир этган.
Хусусан, ушбу жиноий гуруҳ аъзолари Самарқанд шаҳрини “қўлга олиб”, шаҳарда яшовчи М.Б. Қозоғистон фуқароси бўлган М. исмли шахсдан 10 минг АҚШ доллари миқдорида қарз эканидан хабар топган ва М.Б. дан ушбу пулни “кўча ечими” орқали ундириб олишга киришган. Бахтиёр Қудратуллаевнинг ўғли Бекзод Зафаровнинг топшириғи билан жиноий гуруҳ вакиллари Самарқанд вилояти Жомбой тумани “Бешбола” МФЙдаги фермер хўжалиги ҳудудида М.Б. билан учрашиб, унга нисбатан зўрлик ишлатган. Улар М.Б.ни ўзлари бошқариб келган Epica билан Булунғур туманидаги ошхонага олиб борган. Ушбу жиноий гуруҳ вакиллари ўша ерда М.Б.га руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказган. Хусусан, унинг бошига шиша “бокал” билан уриб, тан жароҳати етказган ва уни қўрқитиб, Қозоғистон фуқаросидан бўлган 10 минг доллар қарзини беришини талаб қилган. Жабрланувчи пули йўқлигини айтгач, ундан дастлаб 500 АҚШ доллари олиб, гуруҳ аъзолари билан ўзаро тақсимлаб олган. Кейин қисмларга бўлиб, яна 1 200 АҚШ долларини олиб, жабрланувчига жами қиймати 19 млн 388 минг 891 сўмга тенг 1 700 АҚШ доллари миқдорида моддий зарар етказиб, жиноий гуруҳ аъзолари билан ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Судланувчи Ҳ.Ш. судда айбига иқрор бўлмаган ва бу жиноятга алоқаси йўқлигини айтиб кўрсатма берган. Хусусан, у кўрсатмасида Бекзод Зафаров билан 2019 йилда танишганини, 2022 йил баҳор фаслида Бекзод унинг ёнига келиб, унга ўзини яхши ҳис қилмаётгани, сеҳр-жодуга учраганга ўхшаётганини айтиб, Самарқанд шаҳридаги домланинг олдига бирга бориб келишни сўраганини билдирган. Шунингдек, Ҳ.Ш. кўрсатмасида шундан сўнг улар Самарқанд шаҳрига боргани ва у ерда Бекзоднинг таниши, ўзини Саня деб таништирган шахс кутиб олгани, шу куни Саняни биринчи маротаба кўрганини айтган.
Судланувчи Ҳ.Ш.га кўра, ўша куни улар меҳмонхонага борган ва меҳмонхонага жабрланувчи М.Б. ҳам олиб келинган.
“М.Б.дан “Ака, нима бўлди, тинчликми?” деб сўрадим. У қозоғистонлик бир шахсдан 2 та “кран” сотиб олганини, улардан бирининг пулини бера олмаганини айтди. Унга шу заҳоти “Сизнинг Бекзоддан қарзингиз борми? Нима сабабдан у сизга жаҳл қиляпти?” деб сўрадим. М.Б. Бекзоддан умуман қарзи йўқлигини айтди. М.Б.га қарзи бўлмаса, кетаверишини айтдим. Шунда Бекзод менга “Нима сен ўзингни “права”нгни качат қиляпсан?” деб жаҳл қилиб қолди. Шунда унга М,Б.га нисбатан нотўғри иш қилаётганини, Самарқандга яхши ниятда келганимни айтдим. Суҳбатимизни эшитган Саня “Сен нимага “братан”нинг ўғлига ташлаяпсан, ўзингни босвол” деди. Сўнгра ушбу муаммоларга аралашишни хоҳламасдан, ҳамма билан хайрлашиб, меҳмонхонадан чиқиб кетдим”, деган Ҳ.Ш. суддаги кўрсатмасида.
Судда жабрланувчи ҳам кўрсатма бериб, ҳақиқатдан ҳам қозоғистонлик шахсдан 2 та кран олганини ва улар яроқсизлигини айтган. Шунингдек, у кранларни Ш. исмли таниши билан сотиб, ундан пулни ололмагани учун 10 минг АҚШ долларини ўз вақтида қайтара олмаганини билдирган. Жабрланувчининг билдиришича, шундан сўнг, уни “Бахти Ташкентский” лақабли шахснинг одамлари безовта қилиб, пулларни вақтида қайтармаса, “кўча” усулида жазолашини айтган. Шу орада у Ҳ.Ш.нинг олдига Тошкентга олиб борилган ва у ерда ҳам Ҳ.Ш. унга тазйиқ ўтказиб, қўрқитган.
Шу тариқа Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг ҳукми билан Ҳ.Ш. Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган ва унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Live
БарчасиНавоийда Қорбоболар паради ўтказилди
25 Декабрь
Мария Захарова 50 ёшга тўлди
25 Декабрь