Кўчмас мулк, гольф ва криптовалюта: Трамп оиласининг Яқин Шарқда қандай бизнеслари бор?

Таҳлил

b5ed367e-fc11-467a-9b7c-1da76472d79f

Президентликни иккинчи бор ўтаётган Трамп ўзининг илк расмий хорижий сафарларини бошлади. Уч кунлик меҳмондорчиликни мақсад қилиб йўлга чиққан Америка Президенти 16 майгача Яқин Шарқ мамлакатлари, хусусан, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Қатарда бўлади. Илк расмий ташрифларини қўшни давлатлардан бошловчи Америка президентларидан фарқли ўлароқ, Трамп даставвал араб давлатлари билан яқинлашишни лозим топади: у биринчи муддатида ҳам шундай қилган.

Аммо бу сафар Трамп минтақадаги энг яқин ҳарбий ва иқтисодий ҳамкори Исроилга кириб ўтмоқчи эмас. Сиёсатчилар унинг бундай ҳаракатлари сабабини Нетаньяху билан ёмонлашган муносабати ва мамлакатга келадиган инвестициялар билан боғлаётган бир пайтда кўпгина хорижий нашрлар ҳолатни Президентнинг минтақада тобора кенгайиб бораётган оилавий бизнесида кўрмоқда. Хўш, бу иддаолар қанчалик асосли? Трамп ва унинг оиласи Яқин Шарқда қандай бизнесларга эга?

Осмонўпар бинолар, гольф майдонлари ва минтақадаги криптовалюта бизнеси

CNN олиб борган ўрганишларга кўра, Трамп оиласининг Яқин Шарқдаги бизнес алоқалари Президентнинг биринчи муддати давридан буён уч баробардан ҳам кўпроқ ошган. Қолаверса, Трамп Оқ уйга қайтганидан кейин ҳам бир қатор янги лойиҳалар эълон қилинган.

Ҳашаматли осмонўпар бинолар, гольф майдонлари ва минтақадаги криптовалюта битимлари бўйича давом этаётган режалари фонида Дональд Трамп нафақат АҚШ Президенти, балки минтақада бизнес империяси кенгайиб бораётган бир оила патриархи сифатида сафар қилмоқда.

Унинг араблар билан молиявий алоқалари ҳукуматнинг этика масалалари бўйича мутахассислари хавотирига сабаб бўлмоқда. Уларнинг фикрича, Трампнинг ҳаракатлари мамлакат манфаатлари учунми ёки шахсий, буни аниқлаш қийин.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Public Citizen ташкилоти ҳамраиси Роберт Уейсманга кўра, бундай молиявий боғлиқликлар хорижий давлатларга даромадли бизнес битимлари орқали АҚШ сиёсатига таъсир ўтказиш имкониятини яратади.

Бироқ Трамп ўзи ва ҳукумат ўртасидаги манфаатлар тўқнашувини қўлтиқлаганча олға ҳаракат қилишда давом этмоқда. У давлат лавозимида бўлгани ҳолда бизнес ташаббусларини ошкор қилишдан тортинмайди:

“Менда пул ишлаш инстинкти ҳар доим бўлган”, дейди Трамп.

Америка Президенти биринчи муддатда ҳам илк хорижий сафар учун Саудияни танлаганини шундай изоҳлади:

“Ўтган сафар Саудия Арабистонини танлагандим, чунки улар биздан 450 миллиард долларлик маҳсулот сотиб олишга рози бўлди. Агар бу давлат яна 450 ёки 500 миллиард долларлик маҳсулот харид қилишга тайёр бўлса, эҳтимол мен яна борардим”, деди у.

Орадан бир неча кун ўтиб, 23 январь куни Саудия Арабистонининг MBS номи билан машҳур бўлган валиаҳд шаҳзодаси ва де-факто раҳбари Муҳаммад бин Салмон бундан ҳам каттароқ таклиф билан чиқди: у келгуси тўрт йилда АҚШ иқтисодиётига 600 миллиард доллар инвестиция киритишини билдирди. Бу баёнот Трампнинг президентликка қайтган дастлабки кунларида қабул қилган ижро фармонлари фонида тезда унутилиб кетди.

Нью-Йоркдаги Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази директори, профессор Муҳаммад Бозийнинг фикрича, Трамп америкаликлар учун манфаатли битимлар тузишни ўзининг асосий мақсади деб эълон қилган бўлса-да, бу ташрифдан минтақадаги автократлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўз оилавий бизнесини ривожлантириш учун ҳам фойдаланмоқда.

Америка президентининг араб дўстлари

2020 йилги президентлик сайловида мағлубиятга учраган Трамп тарафдорлари буни қабул қила олмади ва Жо Байденни овозларни сохталаштиришда айблаб, 2021 йил 6 январда Капитолийга бостириб кирди. Ундан олдин эса Трамп омма қаршисида нутқ сўзлаб, “ҳеч қачон таслим бўлмаслик” ва “охиригача курашиш” ҳақида гапирганди. Унинг бу сўзлари “оммавий норозиликка чақирув” деб талқин қилинди ва кўплаб молиявий ҳамкорлари ундан узоқлаша бошлади. Бу ҳолат Трампнинг ишбилармонлик обрўйига жиддий зарар етказди ва Америка бизнес ҳамжамиятида яккаланиб қолишига олиб келди. Флорида штатидаги қароргоҳи “Мар-а-Лаго”да ўзини яккалаган Трамп кўпгина ижтимоий медиа платформалари (собиқ Twitter, Facebook ва Instagram)дан четлатилди. Ҳатто пойтахт Вашингтондаги “Trump” меҳмонхонаси ҳам бўшаб қолди.

Аммо баъзи бизнес етакчилари, жумладан, Яқин Шарқдаги дўстлари Трампни тарк этмади. Шундай воқеалар фонида DAMAC Properties бош директори Ҳусайн Сажвоний Трамп билан ишлашдан мамнунлигини билдирди.

MBS бошчилигидаги давлат инвестиция жамғармаси эса Трампнинг куёви Жаред Кушнер томонидан асос солинган хусусий сармоя фондига 2 миллиард доллар инвестиция киритди.

2022 йили Уммонда Трамп бренди остида Туризм агентлиги ҳамкорлигида пойтахт Маскат яқинида курорт, гольф клуби ҳамда виллалар қуриш лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ўтган ёзда Дональд Трамп ва унинг ўртанча ўғли Эрик Трамп Уммон валиаҳд шаҳзодаси билан ҳамкорликни нишонлади.

Яқин Шарқдаги бизнеслар

Араб давлатлари улкан нефть ва газ экспортидан тушган бойлик ҳамда инвестиция қилишга тайёр давлат фондлари билан АҚШнинг Канада ва Мексика каби қўшнилари ёки Буюк Британия ва Исроил каби анъанавий иттифоқчиларига қараганда Трамп учун кўпроқ қизиқарли экани кўринмоқда.

Америка Президенти сафар қилаётган мамлакатларнинг ҳар учаласида ҳам Трамп бренди остидаги кўчмас мулк ёки янги қурилиш лойиҳалари, меҳмонхона ва гольф курортлари миллиардлаб доллар қийматга эга.

Саудия Арабистони: тураржой мажмуалари ва гольф мусобақалари

Саудия Арабистонида Trump Organization икки кўчмас мулк лойиҳаси учун шартномалар имзолаган: пойтахт Ар-Риёдда Trump Tower ва қирғоқ шаҳри Жиддада 530 миллион долларлик турар жой мажмуаси. Трампнинг иккинчи муддатга сайланганидан бир ой ўтиб эълон қилинган бу келишувлар ундан маблағ тикишни талаб қилмайди, аммо лицензия тўловлари ҳисобига миллионлаб доллар даромад келтиради.

Сўнгги йилларда Трамплар оиласи Саудия Арабистонининг давлат фонди томонидан молиялаштирилган LIV Golf лигаси билан ҳамкорлик қилмоқда. 2021 йил 6 январдан сўнг Трампнинг АҚШдаги бир нечта гольф майдонларида LIV Golf профессионал турнири ўтказиладиган бўлди, бу эса лавозимдан кетганидан кейин ҳам унга миллионлаб доллар даромад келтирди.

Қатар: гольф курорти ва виллалар

Trump Organization ўтган ойда Қатарда янги гольф курорти ва кўчмас мулк лойиҳасини эълон қилди, уни Саудия Арабистонига қарашли Dar Global ва Қатар ҳукуматига тегишли компания ҳамкорликда қуради. Ушбу лойиҳа “Trump International Golf Club & Villas” деб номланади ва Доҳадан 40 км узоқликда жойлашган гольф майдони, клуб биноси ва қирғоқ бўйидаги Trump бренди остидаги виллаларни ўз ичига олади. Бу ҳам Трамп оилавий бизнеси учун брендлаш битимидир. Лойиҳа ишга тушгач, гольф курорти бренд ва бошқарув тўловлари орқали миллионлаб доллар даромад келтиради.

“The Guardian” нашрига кўра, Trump Organization’нинг ушбу лойиҳадаги шериги Qatari Diar (давлат фонди томонидан ташкил этилган кўчмас мулк компанияси) Трампнинг АҚШ конституциясидаги хорижий даромадлар бандини бузаётгани ҳақидаги хавотирларни кучайтирган. Бу банд президентга Конгресс рухсатисиз хорижий ҳукумат ва етакчилардан тўлов ёки катта совғалар олишни тақиқлайди. Ўтган йили демократлар томонидан тайёрланган ҳисоботда Трамп ўзининг биринчи президентлик муддати давомида бизнеслари орқали 20 та хорижий ҳукуматдан 7,8 миллион доллар ишлагани ҳақида эълон қилинди. Аммо давлат кузатув ташкилотлари бу рақамлар каттароқ (13,6) эканини аниқлади ва Трампнинг иккинчи муддатида бу миқдор яна ошиши мумкинлигидан хавотирда, айниқса, унинг икки ўғли бошқараётган оилавий бизнес Форс кўрфазидаги араб давлатлари билан янги битимлар тузаётган бир пайтда.

Бирлашган Араб Амирликлари: гольф клуби, меҳмонхона ва криптовалюта

БААда Trump Organization бошқарувидаги йирик лойиҳалар аллақачон мавжуд ва улардан бири – Трампнинг биринчи муддати даврида очилган “Trump International Golf Club, Dubai”. Ушбу лойиҳа Трамп ва миллиардер Ҳусайн Сажвоний ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликнинг бир қисми ҳисобланади. DAMAC Дубай шаҳрида Trump бренди остидаги иккинчи гольф курортини қуриши керак эди, лекин бу лойиҳа очиқланмаган сабабларга кўра кечикмоқда.

Трамп оиласининг БААдаги бизнесларидан яна бири Саудия Арабистонига тегишли кўчмас мулк компанияси Dar Global томонидан қурилаётган 1 миллиард долларлик 80 қаватли “Trump International Hotel and Tower” меҳмонхонасидир. Маълумотларга кўра, ҳали қурилиши тугалланмаган ҳашаматли минорадаги квартиралар дунёдаги энг баланд бино – Бурж-Халифага қараган дунёдаги энг баланд очиқ бассейнга эга бўлади ва аллақачон ҳар бири 20 миллион долларгача сотилмоқда.

Трамп оиласининг араб автократлар билан алоқалари фақат кўчмас мулк ва гольф майдонлари билан чекланмайди. 1 май куни Эрик Трамп ва унинг бизнес ҳамкори Зак Уиткофф (АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стивен Уиткоффнинг ўғли) Абу-Даби ҳукуматига қарашли инвестиция фонди томонидан қўллаб-қувватланган йирик криптовалюта битимини эълон қилди. Ушбу фонд World Liberty Financial томонидан таклиф этилган рақамли валютадан фойдаланган ҳолда 2 миллиард доллар сармоя киритади, бу эса Трамп ва унинг оиласига юзлаб миллион доллар даромад келтириши мумкин.

“Трамп ўзининг иккинчи президентлик муддатида биринчи хорижий сафарини оилавий бизнесига катта инвестиция киритаётган давлатларга амалга ошираётганидан ажабланмаса ҳам бўлади. Унинг коррупцияга мойил сиёсатидан фойда олишни истаган бошқа хорижий раҳбарлар ҳам бунга қизиқиши тайин”, дейди Муҳаммад Бозий.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Яқин Шарқ Муҳаммад бин Салмон Trump Tower

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг