Ангрен шаҳрига олиб кирувчи магистраль трасса кўприги қулаб тушди (видео)

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида жойлашган “Қорабоғсой” кўпригининг қулаб тушгани ҳақида видеолавҳа тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Автомобиль йўллари қўмитаси муносабат билдирди.

Қайд этилишича, кеча, 13 май куни тахминан соат 20:00 да А 373 “Тошкент-Оҳангарон- Ангрен-Қўқон-Шаҳрихон-Андижон” автомобиль йўлининг 85-километридаги “Қорабоғсой” кўприги четидаги охирги оралиқ қурилмаси, яъни пиёдалар йўлаги синиши оқибатида ушбу йўналиш бўйича автомобиллар ҳаракати вақтинча чекланиб, ҳаракатланиш вақтинча D 019 “Ангрен шаҳрини айланиб ўтиш” автомобиль йўлига ўтказилган.

“Ўзйўлкўприк” кластерининг Кўприк ва сунъий иншоотларни диагностика қилиш бўлими мутахассислари томонидан Автомобиль йўллари қўмитасининг мурожаатига асосан қисқа муддатда мазкур кўприкда ўрганиш ишларини амалга ошириб, тегишли хулосани тақдим этган.

Унга кўра, кўприк конструкцияси техник ҳолати ўрганилганда оралиқ қурилма тўсинларининг маънавий эскиргани, тўсинларнинг амалдаги юкламаларни кўтара олмаслиги, кўприк устки қопламаси қалинлиги меъёридан ортиб, тўсинларга ортиқча юк бераётгани, тўсинлар ўзаро яхлит бўлмай, алоҳида элемент сифатида ишлаётгани ҳамда кўприк устки қопламасидаги ёриқлардан ва қатнов қисми қопламасининг чекка қисмларидан оқиб тушган сувлар тўсинларни бутун танаси бўйлаб тарқалиб, коррозияга учратаётгани, тўсинлардаги ёриқлардан сув сизиб кириб ишчи арматураларини ҳам коррозияга учратаётгани аниқланган.

“Кўприкнинг умумий техник ҳолати қониқарсиз ҳолатда дея баҳоланади ва келгусида содир бўлиши мумкин бўлган авария ҳолатларининг олдини олиш мақсадида кўприкда тўлиқ реконструкция ишларини олиб бориш лозимлиги, кўприк жойлашган автомобиль йўли I тоифага тўғри келгани, кўприк габарити автомобиль йўлига мос эмаслиги, автомобиллар ҳаракатида айнан кўприк жойлашган оралиқда тирбандликлар ҳосил бўлаётганини инобатга олиб, кўприк реконструкция ишлари доирасида автомобиль йўли тоифасига ва замонавий А 14, NK 100 меъёрий талабларга мос бўлган янги кўприкни қуриш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилган”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, А 373 “Тошкент-Оҳангарон-Ангрен-Қўқон-Шаҳрихон-Андижон” автомобиль йўлининг 85-километрида жойлашган “Қорабоғсой” кўприги 1969 йилда МСУ-14 трест УЗ мостстрой томонидан қурилиб, фойдаланишга топширилган. 1995 йилда реконструкция қилинган. Кўприкнинг 3 оралиқли схемаси 3х22.2 метр узлукли схемада II тоифали автомобиль йўлига мўлжаллаб қурилган. Умумий узунлиги 66.6 метр, кўприкнинг оралиқ қурилмалари кенглиги 1.6 метр, узунлиги 22.2 метр, габарити 1.3+0.30+14.05+0.30+1.3 метр. Кўприкнинг баландлиги 4.80 метр, қатнов қисмининг кенглиги 2*6.55 метр, йўлакнинг кенглиги 2*1.30 метр, ажратувчи тасмалар кенглиги 0.96 метр, кўприк ости ўтиш габарит баландлиги 4.80 метр, қатнов қисми қиялиги -1 фоиз, кўндаланг -3 фоиз, меъёрий юклама N-30 тонна, NK-80 тонна. Автомобиль йўли 16-тоифага мансуб.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент кўприк Ангрен шаҳри

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг