Трамп Яқин Шарққа жўнаб кетди (видео)

Олам

image

Бугун, 12 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзи “тарихий” деб атаган Яқин Шарқ сафарига – Саудия Арабистонига йўл олди. Ушбу сафар давомида у Ғазо ва Эрон бўйича долзарб дипломатик муҳокамаларни йирик бизнес битимлари билан уйғунлаштиришни кўзламоқда. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Трамп Яқин Шарққа қилаётган мазкур сафарида Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюради. Бироқ минтақадаги энг кескин масалалар икки бошқа давлат – Исроил ва Эрон билан боғлиқ.

Шунга қарамай, “Associated Press”га кўра, Трамп сафар давомида асосан энергетика ресурсларига бой ва ўзига тегишли ёки режалаштирилган Trump бренди остидаги кўчмас мулк лойиҳалари жойлашган мамлакатларга эътибор қаратади. У ерда АҚШнинг иқтисодий манфаатлари орқали ўзи ёқтирадиган фаолият – бизнес битимларини амалга оширишга интилади.

“Бу унинг қулай ҳудуди. Мезбонлар уни меҳмондўстлик билан кутиб олади, битим тузишга ошиқади, мақтайди, танқид қилмайди ва унинг оила аъзоларини ҳам бизнес ҳамкори сифатида қадрлашади”, дейди Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази вице-президенти Жон Альтерман.

Нашрга кўра, Трамп Ғазо ва Эрон масалаларини четлаб ўта олмайди. Уни меҳмон қилаётган Форс кўрфази давлатлари айнан шу икки манбадан келиб чиқаётган минтақавий кескинликларни юмшатишга қизиқиш билдирмоқда.

“Трамп АҚШнинг минтақавий стратегик содиқлигини тасдиқлаб, барқарор позицияни намоён этса ва умумий тортишувлардан йироқ турса, осонгина дипломатик ютуққа эришиши мумкин,” деди Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институти таҳлилчилари Элизабет Дент ва Саймон Хендерсон.

Маълумот учун, Дональд Трамп 13-16 май кунлари Яқин Шарққа сафар уюштиради. Ушбу сафар Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг таклифи билан бўлиб ўтмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп маъмурияти Қатар қироллик оиласидан қиймати 400 миллион долларга тенг бўлган Boeing 747-8 русумидаги суперҳашаматли реактив самолётни қабул қилишга тайёрланаётгани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Яқин Шарқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг