Гўштдан тортиб свитергача: сиёсатчилар бир-бирига қандай совға беради?
Бу қизиқ
−
15 Май 8432 5 дақиқа
Дипломатлар ўртасидаги ўзаро муносабат мамлакатлар позициясини ифодалаши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам улар кийинишдан тортиб, ўзини тутиш ва сўзларгача бўлган ҳар бир ҳаракатига эътиборли бўлишлари шарт. Ҳамкасбга тақдим этиладиган совғалар ҳам шулар жумласидан. Аммо баъзида сиёсатчилар ёзилган қоидалардан бироз чекиниб, ноодатий ёки ғайритабиий совғалар тақдим этади. Масалан, насронийлар йўлбошчисига яҳудийлик рамзи берилиши, АҚШ президентига тимсоҳдан суғурта тақдим этилиши ва кечиккан президентга “будильник” туҳфа этилиши каби ҳолатлар рўй берган. Мақолада турли давлат лидерларига тақдим этилган ғалати совғалар ҳақида сўз боради.
Ярим тонна гўшт, тимсоҳдан суғурта ва ясама мўйлов

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху жорий йил бошида АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашувда унга олтин пейжер совға қилганди. Ёдингизда бўлса, Исроил ҳарбийлари томонидан “Ҳизбуллоҳ” аъзоларига тегишли пейжерлар портлатилиб, уларнинг ўлими ёки жароҳатланишига сабаб бўлганди. Нетаньяху мазкур совға билан шу воқеага ишора қилишга уринди.
“Пейжер Бош вазирнинг “Ҳизбуллоҳ” руҳиятини синдириб, урушда бурилиш нуқтасини ясаш қарорини тимсол этади”, деди унинг маслаҳатчиси Дмитрий Гендельман.

Нетаньяху 2013 йил қишда насронийлик вакили бўлган Рим папасига яҳудий динининг асосий рамзларидан бири – етти шамли “менора” совға қилиб, ҳаммани ҳайратда қолдирганди. Буни кўпчилик папани ноқулай вазиятда қолдирган ҳурматсизлик ўлароқ баҳолаган.
АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама ҳам ўз даврида бир қанча ноодатий совғаларни жамлаган. Масалан, аргентиналик собиқ президент Нестор Киршнер унга деярли ярим тонна қўй гўшти совға қилган. Бу гўштнинг Обама дастурхонигача етиб боргани шубҳа остида, албатта.

Оқ уйнинг собиқ раҳбарига энг кутилмаган совға 2011 йилда Австралияга қилган сафарида топширилди. Мамлакат бош вазири Жулия Гиллард расмий маросимда Америка президентига тимсоҳлардан суғурта совға қилди: агар Обамани қитъада яшовчи йиртқич тимсоҳлардан бирортаси еб қўйса, унинг хотини Мишелга 50 минг Австралия доллари миқдорида суғурта тўлови тўланиши лозим эди. Аммо суғурта ҳодисаси юз бермади.

Кишиларни ноқулай вазиятга солиб қўйишни хуш кўрувчи Нетаньяху Обамага нисбатан ҳам шундай йўл тутган: 2013 йилда Тель-Авивга ташриф буюрган Обамага сунъий мўйлов совға қилинди. Бош вазир фикрича, Обама кўнгилочар масканларга борганида уни ҳеч ким танимаслиги учун сохта мўйлов керак бўлади. Аммо бундай манзилларга боришни ёқтирмайдиган Обама бундан хурсанд бўлмади.
"Дипломатик кесатиқ”: Меркель ва Путинннинг “олди-бердиси”

Дунё лидерлари орасида Россия Президенти Владимир Путин ва Германия собиқ канцлери Ангела Меркель муносабатлари алоҳида эътибор марказида. Ҳар сафар гул билан илтифот қиладиган Путин баъзида Меркелнинг “жиғига теккан”. Масалан, 2006 йили Меркелнинг Москвага илк расмий ташрифи чоғида Россия Президенти унга юмшоқ ўйинчоқ ит совға қилади. Бу бежизга эмасди: бир неча йил олдин велосипед саёҳати пайтида Меркелни қаровсиз итлардан бири жароҳатлаган ва ўшандан бери у итлардан ниҳоятда қўрқарди.

Меркель буни жавобсиз қолдирмади. 2013 йилдаги учрашувда у Путинга бургут расми туширилган “будильник” совға қилди. Путиннинг халқаро учрашувларга кеч қолиши билан машҳурлигини ҳисобга олсак, бундай совғани кесатиқ сифатида қабул қилиш мумкин эди. Аммо Путин бу унга ёққанини айтди ва бир йилдан сўнг Меркель билан учрашувга нақд тўрт соат кечикди.
Бош вазирнинг “емаган ҳазили”

Совға тақдим этишда “муҳими – қиймат эмас, эътибор” дейишса, ишонманг. Чунки бунга ишонган Британия бош вазири Тони Блэр бир сафар қаттиқ хижолатда қолган. 2006 йилда у АҚШ президенти кичик Жорж Бушга туғилган куни муносабати билан жуда арзон свитер ҳадъя қилиб, кулгига қолди. Кичик Буш ноқулайликни юмшатишга уриниб, Блэрнинг совғани ўзи танлаганидан мамнун эканини билдирди. Бунга жавобан Блэр ҳазил қилишга уриниб, свитерни ўзи тўқиганини айтди. Бироқ журналистлар буни “емаган ҳазил” деб атади, чунки аллақачон свитернинг 90 фунт туриши аниқланганди.
Бу Буш олган ноодатий совғалардан бири эди, холос. Масалан, 2009 йилда унга Аргентина президенти томонидан 130 кг қўй гўшти совға қилинган, худди Обамага берилгани каби.
Январь – Туркманбоши: ой номларининг президент шарафига ўзгартирилиши

Энг ғайритабиий совғалар бобида Туркманистон парламенти унча-мунчасидан ўзиб кетган. 2002 йилги парламент президент Сапармурат Ниёзовнинг туғилган куни муносабати билан ой номларини ўзгартирди. Масалан, январь ойи “Туркманбоши”; апрель эса президентнинг онаси номига “Гурбансултан” деб қайта номланди. Шунингдек, сентябрь ойи Ниёзов муаллифлигидаги машҳур китоб “Руҳнома” номига ўзгартирилди. Аммо орадан тўрт йил ўтиб, 2006 йилда Ниёзов вафот этди ва 2008 йилда ҳукумат қарори билан ой ва ҳафта кунларининг эски номлари тикланди.
Саддамнинг ғалати юриши: АҚШ вакилига Сурия устидан арз
Баҳс ва мунозаралар марказида турувчи Саддам Ҳусайн ҳам ғайритабиий совға беришни маромига етказган. 1983-1984 йилларда АҚШнинг Яқин Шарқдаги махсус вакили Дональд Рамсфельд Эрон-Ироқ уруши давомида Саддам Ҳусайн билан бир неча бор учрашган. Мазкур учрашувлар давомида Рамсфельд Саддам Ҳусайнга бир неча ғалати совғалар берган. Тиканли болға ва олтин ковбой этиклари шулар жумласидан.

Аммо Саддамнинг жавоб совғаси бундан ҳам ғалатироқ эди: у АҚШ вакилига видео совға қилган. Рамсфельднинг шахсий веб-сайтида ҳамон мавжуд бўлган ушбу видеода аёл аскарларнинг тирик илонлар бошини тишлаб узаётгани ва эркак аскарларнинг итни ўлдираётгани тасвирланган. Фильмда буларнинг барчаси ўша пайтдаги Сурия диктатори Ҳофиз Асаднинг рухсати билан амалга оширилаётгандек кўрсатилган. Ушбу видеодан мақсад Сурия режимининг шафқатсизлигини намойиш этиш эди.
Live
Барчаси