Ҳиндистон-Покистон музокаралари фақат ҳарбий даражада бўлади – HT

Олам

image

Ҳиндистон Покистон билан фақат ҳарбий даражада музокара олиб боради, ҳеч қандай сиёсий алоқалар бўлмайди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “Hindustan Times” газетаси хабар берди.

“Биз бошиданоқ Ҳиндистон ва Покистон ўртасида бўладиган ягона музокаралар ҳарбий қўмондонлар ўртасида бўлади ва тўғридан-тўғри сиёсий музокаралар бўлмайди, деган фикрдамиз”, дейди нашр манбалари.

Улар Ҳиндистон Бош вазирининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ажит Довал ва Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жайшанкар ҳамда уларнинг покистонлик мавқедошлари ўртасида алоқалар йўқлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, расмий Нью-Деҳли Кашмир масаласида Исломобод билан Покистон томонидан “ноқонуний равишда босиб олинган” ҳудудларни Ҳиндистонга қайтаришдан бошқа ҳеч нарса муҳокама қилинмаслигига ишонади ва бу мавзудаги муҳокамалар бевосита олиб борилиши керак, деб ҳисоблайди.

“Бошқа муҳокама қиладиган нарса йўқ. Улар ноқонуний босиб олинган ҳудудни қайтаришлари керак ва буни тўғридан тўғри қилишлари мумкин. Бизнинг орамизда ҳеч ким керак эмас”, дейди нашр манбалари.

Газета манбалари, шунингдек, Паҳалгамдаги (Ҳиндистон иттифоқи ҳудуди Жамму ва Кашмир) терактдан сўнг қабул қилинган Ҳинд сувлари тўғрисидаги шартномани тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор ўз кучини сақлаб қолганини эслатди.

“Покистон икки томонлама муносабатларда ўзи танлаган соҳаларда ҳамкорликни кутган ҳолда трансчегаравий терроризмни [қўллаб-қувватлашни] давом эттира олмайди”, дея таъкидлаган манбалар.

Ҳиндистон-Покистон муносабатлари 22 апрель куни Ҳиндистон иттифоқи ҳудудидаги Жамму ва Кашмирдаги Паҳалгам шаҳрида содир бўлган ва 25 ҳиндистонлик ва бир Непал фуқаросининг ҳаётига зомин бўлган теракт ортидан ёмонлашди.

Ҳиндистон “Лашкар-э-Тойба” гуруҳи томонидан уюштирилган ҳужумга Покистоннинг Хизматлараро разведкаси алоқадорлиги ҳақида далиллар борлигини даъво қилди.

Нью-Деҳли ва Исломобод ўзаро чекловлар қўйди, икки томонлама келишувларни тўхтатди ва бир-бирининг ҳаво ҳудудини самолётлар учун ёпди.

7 майга ўтар кечаси Ҳиндистон қуролли кучлари Покистон ҳудудида “Синдур” операциясини ўтказди. Бунга жавобан 10 майга ўтар кечаси Покистон ҳукумати кенг миқёсли ҳарбий операция – “Банян-ул-Марсус” (“Мустаҳкам девор”) операциясини бошлади.

10 май куни Нью-Деҳли ва Исломобод ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Ҳарбий музокаралар якунида томонлар қуруқликда, ҳавода ва денгизда барча отишма ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши ҳақида келишувга эришилди.

Бироқ бир неча соат ўтгач, Жамму ва Кашмир ва Панжобнинг бир қанча шаҳарларида дронлар кузатилди, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга туширилди, электр таъминоти узилди.

Ҳиндистон ҳарбий расмийларининг айтишича, тун Назорат чизиғи ва Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги халқаро чегара бўйлаб хотиржам ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Покистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг