Спортдаги нуфузи ортган Ортиқхўжаев – Спорт дайжести

Спорт

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев янги лавозимга сайланди, Элдор Шомуродовни тўхтатиб бўлмаяпти, у Италия майдонларини “ёндириш”да давом этмоқда, “Пахтакор”да ўзгаришлар даври бошланганга ўхшайди, жамоанинг португалиялик устози истеъфога чиқарилгани ҳақида ишончли хабарлар тарқалди.

Ассалому алайкум. Шу ва ҳафта спортига оид муҳим воқеалар билан QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.

Муроджон Аҳмадалиевнинг навбатдаги жанги санаси ва рақиби эълон қилинди

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Муроджон Аҳмадалиев навбатдаги жангини 30 май куну ўтказади. Бу ҳақда “Matchroom” промоутерлик компанияси матбуот хизмати хабар берди.

Ўша куни Мексиканинг Гвадалахара шаҳрида ташкил этиладиган профбокс кечасида Аҳмадалиевга мексикалик Луис Кастильо рақиблик қилади.

Кастильо устидан қозониладиган ғалаба Аҳмадалиевга 14 сентябрь куни Япония пойтахти Токио шаҳрида мутлақ чемпион Наоя Иноуэ билан жанг қилиш имкониятини беради.

Маълумот учун, WBA Интерим камари ҳисобланган 30 ёшли Аҳмадалиев профрингда 13-1 рекордга эга, унинг бўлажак рақиби 51 ёшли Кастильо эса профбоксда 31 та ғалаба, 6 та мағлубият қайд этган.

Шомуродов ассист амалга оширган ўйинда “Рома” ғалаба қозонди

Кеча, 4 май куни Италия А Серияси 35-тури доирасида “Рома” ўз уйида “Фиорентина”ни қабул қилди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу ўйинда римликлар сафида ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов ассист амалга оширди.

Учрашув мезбонларнинг фаоллигида бошланди. Ҳужумлардан бирида Шомуродовнинг йўллаган хавфли зарбасини Де Хеа қайтарди. Бурчак зарбасидан кейин Шомуродов тўпни боши билан ҳужумдаги шериги Артём Довбикка узатди. Украиналик футболчи эса деярли бўш қолган дарвозани ишғол қилиб, ҳисобни очди. Иккинчи тайм бошида ассист амалга оширган Элдор Шомуродов алмаштирилди. 

Ўйин якунига қадар ҳисоб бошқа ўзгармади ва Клаудио Раньери бошчилигидаги “Рома” очколар сонини 63 тага етказиб олиб, турнир жадвалида 5-ўринни эгаллаб келмоқда. “Фиорентина” эса 59 очкоси билан 8-ўринга жойлашди.

Маҳмуд Муродов рақибларига мурожаат билан чиқди

Oktagon MMA промоушенининг ўрта вазн тоифасида фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик жангчи Маҳмуд Муродов ўзи билан жанг қилмоқчи бўлган рақибларини 84 кг вазн йиғишга чақирди. Бу ҳақда у промоушен матбуот хизматига берган интервьюсида айтди.

“Рақибим 84 кг да эмас, 77 кг да жанг қилмоқчи. Аммо мен 84 кг дан ҳеч қаерга кетмайман, 77 кг га ҳам тушмайман, 93 га ҳам кўтарилмайман. Менга қарши октагонга чиқмоқчи бўлганлар 84 кг вазн йиғсин. Флеури мени 93 кг да жангга чорлади, аммо мен вазнимни ўзгартирмайман”, дейди Муродов.

Қайд этиш жоиз, Муродов шу йилнинг 14 июнь санасида бўлиб ўтадиган “Oktagon 72” турнирида чехиялик Патрик Кинслга қарши октагонга кўтарилади.

Маълумот ўрнида, 35 ёшли Маҳмуд Муродов фаолияти давомида ҳозирга қадар 36 та жанг ўтказиб, 28 ғалаба ва 8 мағлубият қайд этган. Патрик Кинсл ҳисобида эса 28 ғалаба ва 11 та мағлубият бор.

Ўзбекистонлик футболчи Туркия чемпионати рамзий жамоасига киритилди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Туркиянинг “Ризеспор” клуби ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов мамлакат Суперлигасининг 34-тур рамзий терма жамоасидан ўрин олди. Бу ҳақда “Sofascore” хабар берди.

Портал томонидан тузилган рамзий терма жамоада Алиқуловнинг Туркия чемпионати охирги турида кўрсатган ўйини 7,7 баллга лойиқ кўрилди. “Ризеспор” 34-турда “Газиантеп” клубини қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди, Алиқулов эса тўлиқ 90 дақиқа майдонда бўлди.

Маълумот учун, Туркия чемпионатининг ортда қолган турларидан кейин “Ризеспор” 40 очко билан 14-ўринда бормоқда. 26 ёшли Алиқуловнинг ризеликлар билан шартномаси 2026 йил ёзида ниҳоясига етади. Ҳозирда ўзбекистонлик ҳимоячи жамоасининг муҳим футболчиларидан бири ҳисобланади.

Ортиқхўжаев янги лавозимга сайланди

Давлат ва хусусий сектор вакиллари, спорт ташкилотлари раҳбарлари ҳамда 170 минг нафарга яқин ходимларни банд қилган 200 дан ортиқ тадбиркорлар иштирокида Ўзбекистон корпоратив спорт ассоциацияси ташкил этилди ва ассоциациянинг раиси ўринбосари этиб Жаҳонгир Ортиқхўжаев сайланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум қилинишича, таклифлар асосида Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Ўзбекистон корпоратив спорт ассоциацияси раиси, Жаҳонгир Ортиқхўжаев раиснинг биринчи ўринбосари, “International Beverages Tashkent” масъулияти чекланган жамият директорлар кенгаши раиси Шуҳрат Эргашев раис ўринбосари этиб сайланган.

Учрашувда корпоратив спортни ривожлантириш ва оммалаштириш, ассоциация томонидан тадбиркорлар ўртасида спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиш асносида маҳоратли ёшларни саралаш лозимлиги таъкидланган.

“Пахтакор” мураббийи истеъфога чиқарилди

Тошкентнинг “Пахтакор” клуби бош мураббийи Педро Морейра лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Даврон Файзиев ўзининг Telegram саҳифасида маълум қилди.

Манбага кўра, “шерлар”нинг жорий мавсумдаги қониқарсиз натижалари сабаб португалиялик мутахассис истеъфога чиқарилган. Янги мураббий тайинлангунга қадар жамоани Камолиддин Тожиев бошқариб боради.

Маълумот ўрнида, “Пахтакор” жорий мавсум Суперлигада 8-тур якунига кўра, 9 очко жамғариб, 12-ўринни банд этиб келмоқда. Жамоа охирги ўйинда “Сурхон” меҳмони бўлди ва 2:1 ҳисобида мағлуб бўлди.

Шунингдек, Суперлига клублари орасида “Андижон” ва “Шўртан” ўз мураббийларини истеъфога чиқарди. Дастлаб, андижонликларни бошқариб келган Александр Хомяковни кейин ғузорликлар Анвар Бердиевни лавозимидан бўшатди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг