Ҳиндистонда 32 та аэропорт фаолиятини тўхтатди

Олам

image

Кеча, 9 май куни Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинлик кучайгани фонида Ҳиндистон 32 та аэропортни фуқаролик рейслари учун ёпди. Бу ҳақда Ҳиндистон Фуқаролик авиацияси вазирлигининг баёнотига таяниб, “The Times of India” газетаси хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, ушбу аэропортлар 15 май куни соат 05:29 гача (Тошкент вақти билан 04:59) ёпиқ бўлади.

Ёпилган аэропортлар: Адхампур, Амбала, Амритсар, Авантипур, Батинда, Бхуж, Биканер, Чандигарх, Халвара, Хиндон, Жайсалмер, Жамму, Жамнагар, Жодхпур, Кандла, Кангра (Гаггал), Кешод, Кишангарх, Куллу Манали (Бхунтар), Лех, Лудхиана, Мундра, Налия, Патханкот, Патиала, Порбандар, Раджкот (Хирасар), Сарсава, Шимла, Сринагар, Туаз, Уттарлай.

Ҳиндистон Фуқаролик авиацияси хавфсизлик бюроси (BCAS) барча авиакомпаниялар ва аэропортларга хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берган.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, Мумбай халқаро аэропорти йўловчиларга текширувлар вақтининг узайгани сабабли иложи борича аэропортга эртароқ етиб келишни тавсия қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон Ҳиндистонга қарши “Баньян-уль-Марсус”, яъни “Мустаҳкам девор” деб номланган кенг кўламли ҳарбий операция бошланганини эълон қилганди. Покистон армияси Ҳиндистоннинг бир нечта ҳарбий объектларига зарба берган. Улар орасида Удхампур ва Патханкот авиабазалари ҳам бор.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви

22 апрель куни Ҳиндистоннинг Кашмир ҳудудида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳига ўқ узди. Оқибатда 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Воқеа содир бўлган Паҳалгам шаҳри машҳур сайёҳлик маскани ҳисобланади. У Ҳиндистон ва Покистон даъво қилаётган баҳсли ҳудудда жойлашган.

Ҳиндистон ҳукумати Кашмирдаги терактдан кейин ўтказилган фавқулодда йиғилишда Покистонга нисбатан кенг кўламли дипломатик ва виза блокадаси жорий этишга қарор қилди. Йиғилиш якунида Ҳиндистон 1960 йилда тузилган Ҳинд дарёси бўйича сув битимини тўхтатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Покистон билан ягона расмий қуруқликдаги чегара пункти – Аттари ёпилди. Покистон фуқароларига визасиз кириш дастури тўхтатилди ва икки давлатдаги дипломатик ходимлар сони қисқартирилди.

Шундан сўнг Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг сув оқимини тўхтатиш ёки буриб юборишга уриниши ҳаракатини “уруш ҳаракати” сифатида баҳолашини билдирди. Кейинчалик Покистон Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонга қарши урушга тайёрлигини билдириб, бир қатор баёнотлар ва видеолар эълон қилди.

30 апрель куни Покистон Ахборот вазири ижтимоий тармоқдаги баёнотида Ҳиндистон уларни 24-36 соат ичида ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида ишончли разведка маълумотлари борлигини айтди. Ҳиндистон бу баёнотга изоҳ бермади. Шу билан бирга, ОАВ Покистон Ҳиндистон билан чегарада 6 бор ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини хабар қилди.

7 майга ўтар кечаси тунда Ҳиндистон Покистонга ракета зарбаси йўллади. Исломобод буни уруш ҳаракати деб атаб, жавоб зарбалари берди. Можаронинг кескинлашувига БМТ, АҚШ, Хитой, Қирғизистон ва Исроил муносабат билдирди. Ўзбекистон ҳам Ҳиндистон ва Покистонни вазминликка чақирди.

8 май куни икки мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари ўртасида бўлиб ўтган ҳаво жангида жами 125 та ҳарбий самолёт бир соатдан ортиқ вақт давомида жанг қилди ва бу авиация тарихидаги энг йирик ва энг узоқ давом этган ҳаво жангларидан бири бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Покистон аэропорт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг