Ўзбекистонда кичик қувватли АЭС қаерда қурилиши маълум бўлди
Жамият
−
08 Май 11247 3 дақиқа
Ўзбекистонда кичик қувватли АЭС қурилиши учун Жиззах вилоятининг Фориш тумани танланди. Бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 6 май куни Энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Алишер Султонов раислигида кичик қувватли атом электр станцияси қурилиши лойиҳасини амалга оширишга бағишланган оператив штаб ва илмий-техник кенгашнинг қўшма йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилиш самарали ва конструктив муҳитда ўтказилиб, лойиҳанинг асосий жиҳатлари ҳар томонлама муҳокама қилинган ва кейинги аниқ қадамлар белгиланган.
Ушбу йиғилиш доирасида “Атомстроэкспорт” АЖ билан тузилган шартнома асосида амалга оширилаётган ишларнинг жорий ҳолати акс эттирилган тақдимот намойиш этилган. Тақдимотда лойиҳалаш босқичлари, тайёргарлик ишлари ва халқаро ҳамкорлик масалалари атрофлича кўрсатилган.
“Илмий-техник кенгаш танланган майдонда ўтказилган муҳандислик тадқиқотлари натижаларини кўриб чиқди, бу натижалар лойиҳа ҳужжатлари учун асос бўлиб хизмат қилади ва объектнинг юқори хавфсизлик даражасини таъминлайди”, дейилади хабарда.
Йиғилиш давомида Жиззах вилоятининг Фориш туманида кичик қувватли атом станциясини жойлаштириш схемаси тасдиқланган, бу лойиҳани минтақавий эҳтиёжларга мослаштириш ва электр энергияси ишлаб чиқаришни оптималлаштириш имконини беради. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг табиий уран ресурсларидан ядро ёқилғиси ишлаб чиқаришда фойдаланиш имконияти муҳокама қилинган.
Маълумот учун, 1948 йилда Россияда Игорь Курчатов ҳукуматга атом энергиясини ажратиб олиш бўйича ишларни бошлашни таклиф қилади. 1950 йил майда Калуга вилоятидаги Обнинск шаҳрида дунёдаги биринчи АЭС қурилиши бошланади. Қуввати 5 МИт бўлган мазкур АЭС қурилиши 1954 йилда якунланади ва Обнинск АЭСи ишга тушди.
Ядровий реактор ёрдамида электр энергияси эса илк бор 1951 йилда АҚШнинг Айдахо штатида олинади. У тажрибавий бўлиб, атиги 800 Вт энергия ишлаб чиқаради. Унинг ишлашини текшириб кўриш учун генераторга тўртта чўғланма лампочка уланади ва ҳеч ким кутмаган ҳолда бу лампочкалар ёнади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил май ойида “Ўзатом” ва “Росатом” ўртасида Ўзбекистонда кичик АЭС қуриш бўйича шартнома имзоланганди. Станция Россиянинг РИТМ-200Н реактори асосида барпо этилади (қуввати – 55 МВт, хизмат муддати – 60 йилгача).
Дастлабки реактор беш йил ичида ишга туширилиши, кейингилари эса олти ойлик интервал билан фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. АЭС тўлиқ лойиҳавий қувватга 2033 йилдан олдин чиқиши кутилмаяпти.
Ўзбекистон АЭС қуриш учун халқаро консорциум тузишни режалаштириб, Россия, Хитой ва Европа технологияларини жалб этишни кўзламоқда. Бундан ташқари, турбиналар, генераторлар ва совутиш иншоотлари учун халқаро компанияларнинг ускуналарини жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.
“Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев Ўзбекистонда қурилаётган кичик атом электр станциясининг қиймати 2 миллиард доллардан кам бўлишини айтди. У “Le Figaro” газетасига берган интервьюсида Жиззах вилоятида қурилиши режалаштирилаётган кичик қувватли атом электр станцияси (АЭС) лойиҳасида иштирок этиш бўйича учта Франция компанияси билан музокаралар олиб бораётганини маълум қилди.
Live
Барчаси