Савдо уруши: Хитой АҚШ билан бож масаласидаги музокараларга рози бўлди
Олам
−
07 Май 6002 2 дақиқа
Хитой АҚШ билан импорт божлари юзасидан музокаралар ўтказишга рози бўлди. Давлат кенгаши раисининг ўринбосари Хэ Лифэн 9-12 май кунлари Швейцарияга қиладиган ташрифи чоғида АҚШ Молия вазири Скотт Бессент билан учрашади. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги хабар берди.
Бунгача АҚШ томони тарифлар ва улар билан боғлиқ масалалар бўйича бир неча йўналишда мулоқот олиб боришга тайёр эканини билдирган.
“Қўшма Штатлар томонидан берилган сигналларни чуқур таҳлил қилган Хитой глобал умид, миллий манфаат ва америкалик саноатчилар ҳамда истеъмолчиларнинг чақириқларини инобатга олган ҳолда, АҚШ билан ҳамкорлик қилишга қарор қилди”, дейилади Хитой Савдо вазирлиги баёнотида.
Шу билан бирга, Хитой томони “ҳеч қандай битимга халқаро адолат ва принциплардан воз кечиш эвазига эришилмаслигини” таъкидлаган.
“Агар Хитой жанг қилишга мажбур бўлса, у охиригача курашади”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, 2 апрель куни Оқ уй импорт божлари бўйича янги тизим жорий қилган эди. Барча импорт қилинадиган маҳсулотлар учун асосий бож ставкаси 10 фоиз этиб белгиланган, аммо айрим давлатлар учун бу ставкалар анча юқори: Хитой учун 34 фоиз, Вьетнам учун 46 фоиз, Европа Иттифоқи учун эса 20 фоиз.
Кейинроқ АҚШ Президенти Хитой маҳсулотларига нисбатан божларни 125 фоизгача оширишини эълон қилди. Бунга жавобан Пекин АҚШдан олиб кириладиган маҳсулотларга 84 фоизлик бож жорий этди ва улар кучга кирди.
Шундан сўнг, Дональд Трамп тахминан 60 мамлакатдан импорт бўйича бож ставкаларини 90 кунга кечиктиришга қарор қилди. Бу даврда 10 фоизлик умумий божлар ва илгари киритилган 25 фоизлик автомобиль, пўлат ва алюминий импорти бўйича божлар амалда қолади. Бироқ 10 апрель куни АҚШ Хитой маҳсулотларига божлари даражасини 145 фоизга кўтарди.
Хитой бунгача АҚШ билан тариф келишуви тузишга рози бўлган ва Хитой манфаатларига зид ҳаракат қилган мамлакатларга нисбатан қарши чоралар кўришини огоҳлантирган. Хитой Савдо вазирлигига кўра, Пекин бундай келишувларни қабул қилмайди ва тегишли жавоб чоралари кўради.
Live
Барчаси