Россия Харьковга йирик дрон ҳужуми уюштирди

Олам

image

Кеча, 2 май куни кечаси Россия қўшинлари Харьков шаҳрига кенг кўламли дрон зарбасини берди. Бу ҳақда шаҳар мэри Игорь Терехов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. 

Унинг айтишича, ҳужум оқибатида шаҳарнинг тўртта тумани – Киевский, Основянский, Слободской ва Салтовскийда жойлашган 12 та нишон зарба остида қолган. Дастлабки маълумотларга кўра, зарба туфайли хонадонлар зарарланган. Камида 36 киши жароҳат олган.

Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг маълум қилишича, зарарланган кўп қаватли уй яқинида автомобиллар ёниб кетган. Воқеа жойида қутқарувчилар ва тиббий бригадалар иш олиб борган.

“Барча жабрланганларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда”, деди Синегубов.

Украина Ҳаво кучлари маълумотига кўра, 2 май куни Россия армияси бир вақтнинг ўзида Харьков, Киев, Суми ва Запорожье йўналишлари бўйлаб бир нечта дронлар гуруҳини учирган. Запорожьега уюштирилган ҳужумда бошқариладиган авиабомбалар ҳам қўлланилган. Бу ҳудудларда ҳаво хавфи сигнали эълон қилинган. Сирена, шунингдек, Чернигов, Полтава вилоятлари ва Черкасс вилоятининг бир нечта туманларида янграган.

Қайд этиш жоиз, Россия доимий равишда Украина фуқаролик инфратузилмасига ҳужум уюштириб келмоқда. Масалан, жорий йилнинг 29 апрель куни кечқурун Харьковга камида 16 дрон учирилган. Ҳужум оқибатида кўп қаватли уйлар, шифохона, саноат объектлари ва муҳандислик инфратузилмаси зарар кўрган. 51 киши жабрланган, улардан 13 нафари, шу жумладан икки бола шифохонага ётқизилган.

Бунга қадар Россия қўшинлари Днепропетровск, Донецк, Киев ва Харьков вилоятларига 100 дан ортиқ дрон учирган эди. Днепропетровск вилоятининг Самаровский туманида дронлардан бири яшаш уйини буткул вайрон қилган, зарба оқибатида бир бола ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия армияси Одесса шаҳрига дронлар билан оммавий ҳужум қилганди. Оқибатда камида икки киши ҳалок бўлган, яна 15 киши яраланган. Ҳалок бўлганлардан бири “Украина темирйўллари” ходими бўлган. Эркак дрон ҳужуми оқибатида ўз уйида вафот этган. Бундан ташқари, тунги ҳужум оқибатида темирйўл участкаларидан бирида йўл тармоғи, алоқа тармоғи ва учта юк вагони шикастланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия дрон ҳужуми Харьков

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг