Баку Россияни Озарбайжон ОАВга киберҳужумда айблади
Олам
−
02 Май 3832 2 дақиқа
Озарбайжон парламентининг ташқи аралашув ва гибрид таҳдидларга қарши кураш бўйича комиссияси раиси Рамин Намозов жорий йилнинг 20 февраль куни мамлакатдаги бир қатор оммавий ахборот воситаларига қилинган киберҳужум Россия томонидан амалга оширилганини маълум қилди. Бу ҳақда “Report.az” хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужум ортида Россия разведка тузилмаларига алоқадор APT29 номи билан танилган кибержосуслик гуруҳи – “Cozy Bear” (ёки “Midnight Blizzard”, “The Dukes”) турган.
Намозов бу ҳужум Озарбайжон-Россия ўртасидаги иттифоқчилик руҳига зид эканини таъкидлаган.
“Бундай ҳаракатлар икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик тўғрисидаги декларацияга ва ҳамкорлик руҳи асосларига тўғри келмайди”, дейди у.
Текширувлар ҳужум сабабларини ҳам аниқлаган. Тахминларга кўра, бунга сабаб Россотрудничествога қарашли “Рус уйи”нинг Бакудаги фаолияти тўхтатилгани ва Россиянинг “Россия Сегодня” (Спутник) ахборот агентлиги ваколатхонасининг Озарбайжонда ёпилгани бўлган.
Озарбайжон парламенти аъзоси Севиль Микоилова эса бу каби киберҳужумларнинг ортида кўпинча сиёсий сабаблар турганини билдирган. Унга кўра, 17 январь куни Озарбайжон ОАВларига уюштирилган яна бир ҳужум Франциядан амалга оширилган.
Маълумот учун, жорий йил 20 февраль куни қатор Озарбайжон ахборот агентликлари киберҳужумга учраганди. Ҳужум оқибатида уларнинг бош саҳифаларида Озарбайжонга қарши “Hüseyniyyun” номли шиа гуруҳининг логотипи пайдо бўлган.

“Hüseyniyyun” – Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан Озарбайжондан Эронга қочган хомейнийчилар мафкураси тарафдорларидан тузилган шиа гуруҳи.