Президент йилига 1 млрд даромад қилаётган деҳқон онахонни мукофотлади
Жамият
−
01 Май 10820 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 1 май куни Хоразм вилоятига ташрифи давомида Хонқа туманидаги “Собиржон Юсуф” оилавий фермер хўжалиги даласида бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, фермер хўжалиги раҳбари 73 ёшли Ойимжон Отажонова қирқ йилдан бери кўчатчилик билан шуғулланиб келмоқда. Хўжаликнинг 3 гектар майдонида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштирилади. Яна икки гектарда эса боғдорчилик қилинади. Бундан ташқари, 12 сотих иссиқхонада 40 турдаги гул кўчатлари етиштирилади. Иссиқхона замонавий сув тежамкор технологиялар билан таъминланган бўлиб, унинг ҳар бир бўлимида кўчатларнинг тури ва хусусиятидан келиб чиқиб зарур микроиқлим яратилган.
“Серғайрат онахон оила аъзоларини ҳам шу ишга бошлаган. Йилига 50 минг тупдан ортиқ кўчатлар ўстириб, сотилади. Уларнинг йиллик даромади бир миллиард сўмдан ортади. Эътиборли жиҳати, бу ерда етиштирилаётган кўчатлар қўшни ҳудудлар, Қозоғистон ва Туркманистонга ҳам етказиб берилмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, боғ жойлашган Гулистон маҳалласида 7 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Ойимжон Отажонова ҳозиргача 200 дан ортиқ шогирд етиштирган, 300 нафар ишсиз фуқарони кўчатчиликка ўргатган. Маҳалладаги 70 фоиз хонадон билан касаначилик йўлга қўйилган.
Фидойи деҳқон бу йил тумандаги барча мактаб ва боғчаларга 2 минг дона қарағай кўчатини беғараз тарқатган.
Бандлик вазирлиги ва банк билан ҳамкорликда хўжаликнинг ёндош ҳудудида ўқув маркази очилган. Унда хўжалик тажрибаси асосида хонадонлардаги самарасиз томорқадан йил давомида даромад олишга ўргатилмоқда. Натижада маҳаллаларда омилкорлик кенгайиб, оилаларга қўшимча даромад кирмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу хизматлари, меҳнатсеварлиги ва ёш авлодга намуналигини инобатга олиб, Ойимжон Отажоновани “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвони билан мукофотлашга қарор қилди. Бугун, 1 май куни шу тўғрисидаги Президентнинг тегишли фармони ҳам қабул қилинди.
Live
Барчаси