Ўзбекистоннинг “олтин виза”си нархи 250 минг доллар бўлади
Жамият
−
01 Май 7858 1 дақиқа
Ўзбекистонда жорий йил 1 июндан бошлаб хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 250 минг АҚШ доллари эвазига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг жорий йил 18 апрель куни қабул қилинган “Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Фармон билан инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида жорий йил 1 июндан бошлаб хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 250 минг АҚШ доллари ҳамда уларнинг ҳар бир оила аъзосига (турмуш ўртоғи, фарзанди ва ота-онаси) 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўловлар эвазига Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси 5 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Адлия вазирлиги мазкур фармонда хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 200 минг АҚШ доллари ҳамда уларнинг ҳар бир оила аъзосига (турмуш ўртоғи, фарзанди ва ота-онаси) 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги тўловлар эвазига 2025 йил 1 июндан Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси 5 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилиши белгиланганини хабар қилган эди. Фармон расмий порталда эълон қилингач, вазирлик ҳам 19 апрель куни эълон қилинган хабарини таҳрирлаб қўйди.
Live
Барчаси