Қозоғистон хорижликлар учун “олтин виза” жорий этади
Олам
−
01 Май 6368 2 дақиқа
Қозоғистон хорижликлар учун янги “олтин виза” дастурини жорий қилмоқда. Ушбу визани олиш учун инвесторлар камида 300 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиши лозим. Бу ҳақда кеча, 30 апрель куни мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, янги виза мамлакатнинг инвестицион жозибасини ошириш ва узоқ муддатли бизнес ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Янги қоидаларга кўра, хорижий фуқаролар Қозоғистондаги компанияларнинг устав капиталига ёки маҳаллий фонд биржасида чиқарилган қимматли қоғозларга камида 300 минг доллар сармоя киритган тақдирда, улар электрон тарзда инвестор визаси учун ариза топшириши мумкин. Ушбу “олтин виза” кейинчалик 10 йилгача бўлган муддатга яшаш ҳуқуқини олиш имконини беради.
Вазирлик баёнотида таъкидланишича, бундай дастурлар Европа, АҚШ, БАА ва Сингапур каби мамлакатларда аллақачон муваффақиятли қўлланилиб, капитал, технологиялар ва ишбилармонлик муҳитини жалб этишнинг самарали воситаси сифатида тан олинган. Энди Қозоғистон ҳам ўзининг сармоявий резидентлик моделини таклиф қилмоқда.
“Олтин визалар хорижий инвесторлар учун қулай муҳит яратади, ҳуқуқий кафолатларни таъминлайди ва мамлакатнинг инвестициявий обрўсини мустаҳкамлайди. Бу янгилик Қозоғистоннинг очиқлик, капитални ҳимоя қилиш ва барқарор халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасидаги стратегик йўналишини акс эттиради”, дейилади вазирлик баёнотида.
Янги тартиб расман эълон қилинганидан 10 кун ўтиб кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи суди Мальтани “олтин паспорт” дастурини тўхтатишга мажбур қилганди. Суд қарорига кўра, Европа Иттифоқи аъзоси бўлган ҳеч бир давлат олдиндан белгиланган тўлов ёки инвестициялар эвазига фуқароликни – Европа фуқаролигини беришга ҳақли эмас, чунки бу фуқароликни оддий савдо битимига айлантириш билан баробар.
Live
Барчаси