ЕИ Мальтадан “олтин паспорт” дастурини тўхтатишни талаб қилди
Олам
−
30 Апрель 5535 2 дақиқа
Европа Иттифоқи суди Мальтани “олтин паспорт” дастурини тўхтатишга мажбур қилди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.
Суд қарорида қайд этилишича, Европа Иттифоқи аъзоси бўлган ҳеч бир давлат олдиндан белгиланган тўлов ёки инвестициялар эвазига фуқароликни – Европа фуқаролигини беришга ҳақли эмас, чунки бу фуқароликни оддий савдо битимига айлантириш билан баробар.
Европа Комиссияси 2023 йилда судга мурожаат қилган. Унинг фикрича, Мальтанинг фуқароликни инвестиция эвазига бериш амалиёти ЕИ фуқаролиги моҳиятига путур етказади. Мальта фуқаролигини қўлга киритган шахс Европа Иттифоқи ҳудудида эркин яшаш, ишлаш ва ЕИ сайловларида овоз бериш ҳуқуқини олади.
Бунгача Брюссель босими остида Болгария ва Кипр ўзларининг шунга ўхшаш дастурларидан бутунлай воз кечган. Мальта эса дастурга баъзи чекловлар киритган, хусусан, фуқаролик олиш учун бир йилдан уч йилгача резидент мақомида бўлиш талабини жорий қилган эди. Бироқ ЕИ бунга қониқмади. Иттифоқ бу каби дастурлар коррупция, пул ювиш ва солиқлардан қочиш хавфини кучайтиришини таъкидлади.
Маълумот учун, Мальта “олтин паспорт” дастурини 2013 йил охирида йўлга қўйган. Фуқаролик олиш учун ариза берувчидан 600-700 минг евро миқдорида инвестиция жамғармасига бадал киритиш, камида 700 минг евролик кўчмас мулк харид қилиш (уни фақат беш йилдан кейин сотиш мумкин) ёки йилига камида 16 минг долларлик ижарада туриш шарт бўлган. Шунингдек, нотижорат ташкилотларга 10 минг доллардан кам бўлмаган миқдорда хайрия қилиш ҳам талаб этилган.
Номзодлар Мальтада яшашга мажбур бўлмаган, бироқ фуқаролик олиш учун мамлакатга келиб, биометрик маълумот топшириши, ариза бериши ва суҳбатдан ўтиши лозим эди.
Live
Барчаси