ҲАМАС Исроил билан 5 йиллик сулҳ тузишга тайёр – ОАВ
Олам
−
26 Апрель 4239 2 дақиқа
ҲАМАС Исроил билан беш йиллик сулҳ тузишга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда ҳаракат вакилига таяниб, “France 24” хабар берди.
Вакилнинг сўзларига кўра, ҲАМАС Ғазо секторида сақланаётган барча исроиллик гаровдагиларни фаластинлик маҳбусларга алмаштириш шарти билан озод қилишга ҳам тайёр.
BBC манбаларига кўра, қатарлик ва мисрлик воситачилар Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушни тугатиш учун янги формула таклиф қилган бўлиб, унда беш йилдан етти йилгача бўлган сулҳ муддати назарда тутилган.
Бунгача ҲАМАС Исроилнинг 45 кунлик ўт очишни тўхтатиш ва 10 нафар тирик гаровдагини қайтаришни назарда тутган таклифини рад этган. Гуруҳ ўрнига урушни тўлиқ тугатиш, Исроил армиясининг Ғазо секторидан тўлиқ чиқиб кетиши ва эксклавга гуманитар ёрдам етказиб берилишини кўзда тутувчи “комплекс” келишувни талаб қилмоқда.
Исроил эса 2023 йилги ҳужумлар вақтида асирга олинган барча гаровдагиларнинг қайтарилишини ва ҲАМАСнинг қуролсизлантирилишини талаб қилмоқда. Исроил маълумотларига кўра, Ғазо секторида ҳануз 58 киши гаровда қолмоқда, уларнинг 34 нафари ҳалок бўлган деб ҳисобланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил январида Исроил ва ҲАМАС Миср, Қатар ва АҚШ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганди. Биринчи босқич 42 кун давом этди, бу даврда алмашишга келишилган 33 гаровдагидан 25 нафари тирик ҳолда уйларига қайтди, 8 нафари эса асирликда ҳалок бўлди. Иккинчи босқич музокаралари эса бошланмай қолганди ва март ойида Исроил армияси Ғазо секторига ҳужумларни қайта бошлади.
Live
Барчаси